14 March 2014
22:34 - Стационар телефоннинг замони ўтдими?
Ўзбекистон ТВ намойиш этаётган реклама роликларига кўра, “Ўзбектелеком” ширкати аҳоли учун бепул стационар телефонлар ўрнатиб беришни таклиф қилмоқда. Яъни, халқ тилида айтганда, телефон тушириш бепул ва унга хизмат учун тўланадиган абонент тўловлари миқдори ҳам бир ойга атиги 1,4 АҚШ долларига тенг. Шунга қарамай одамлар ўзини мобиль алоқага урмоқда, қўлида мобили борлар 20 миллондан ошиб кетди.

Шунингдек, Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси мамлакатда стационар телефон рақамлари ягона тўққиз хонали нумерацияга ўтишини таъкидламоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда фойдаланилаётган ҳудудларнинг уч хонали нумерациялари (масалан, Тошкент учун 371, Хоразм вилояти учун 362, мобил алоқа операторлари учун эса 59X) икки хонали кодлар (мос равишда – 71, 62 ва 9Х) билан алмаштирилади ва амалдаги етти хонали рақамлар билан бирга ишлатилади.

“Бошқача айтганда, шаҳар телефон тармоғи абонентига қўнғироқ қилиш учун 71ХХХХХХХ, 62ХХХХХХХ ва ҳоказо кўринишда, мобил оператор абонентига қўнғироқ қилиш учун эса 90ХХХХХХХ, 93ХХХХХХХ ва ҳоказо кўринишда рақам терилади. 12 сондан иборат телефон рақамларининг халқаро формати эса аввалгидек ўз кучини сақлаб қолади (масалан: 998-71-ХХХХХХХ, 998-93-ХХХХХХХ)” дейилади бу ҳақда чоп қилинган хабарларда.