06 March 2014
23:13 -
Нурсултон Назарбой Мудофаа вазирлигида оператив-стратегик йиғилиш ўтказмоқда

Кечагина Москвада Россия ва Белорусия президентлари билан Евросиё Иқтисодий Кенгашининг Олий Иқтисодий Кенгаши мажлисини ўтказиб Остонага қайтган Нурсултон Назарбой нимага ҳарбийлар билан йиғилиш ўтказиб қолди, деган саволга жавоб топиш қийин эмас.
Бунинг учун Москвадаги мажлисга “Ҳаракат” берган таҳлилни эслаш лозим: “Хабарда айтилмаган бўлса ҳам, тахмин қилиш мумкинки, уч президент Божхона Иттифоқи ва Евросиё Иқтисодий Кенгаши масалалари баҳонасида, аслида, Украина атрофидаги муаммоларни муҳокама қилишган.”
Кўринишидан айнан шундай бўлган ва Нурсултон Назарбой Россия Қрим учун урушга киришга ҳам тайёр эканлигини тушунгач, бу урушнинг Қозоғистонга таъсири қандай бўлиши мумкинлиги устида ўйламоқда ва айнан шу мавзуни муҳокама қилиш учун Мудофаа вазирлигида йиғилиш ўтказмоқда.
Бутун дунё Қримда бўлиши мумкин бўлган урушни муҳокама қилар экан, жаҳоннинг фондлар бозорлари алғов-далғов ичида экан, фақат Ўзбекистоннинг ҳеч нарса билан иши йўқ. Ўзбекистондаги хабарлар, Совет замонидан қолган ёлғон пропаганда усуллари билан ўзбеклар жаннатсимон ўлкада яшаётганини улуғлаш билан овора. Қозоқлардан ўртача 8 марта кам маош олиб яшаётган ўзбеклар учун Қримда уруш бўлса-бўлмаса ҳеч нарса ўзгармайди. Бир амаллаб яшаяпмизми, бир амаллаб яшайверамиз.