
Дунё давлатларининг ер ости транспорти билан пойтахтимиз метросини таққослайдиган бўлсак, бизники ҳар томонлама экологик тоза ва озодалиги билан ажралиб туради. Мустаҳкам ва сифатли қурилган мазкур иншоот пойтахт аҳолисининг кундалик ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бунинг боиси, уларнинг аксарият қисми айнан ушбу транспорт тури хизматидан фойдаланишни маъқул кўради. Ер ости транспортига бўлган талабнинг юқорилигини эса унинг йўловчиларни деярли бир зумда манзилига етказиши, поездларнинг аниқ ва ишончли ҳаракат қилиши, хизмат кўрсатиш маданиятининг юқорилиги, шунингдек, бекатлар ҳамда поезд¬ларда тартибга қатъий риоя қилиниши билан изоҳлаш мумкин.
Шунинг учун ҳам, метро кунига тахминан 180-200 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатар экан. Тошкент метросидан фойдаланувчи йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш эса қўриқлаш хизмати ходимларидан катта маъсулият талаб қилади. 2014 йил 14 январ куни Тошкент шаҳар Уч тепа тумани, Чилонзор 23, 6-уй, 86-хонадонда яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро Мустафоев Акбар шаҳар мудофаа бўлимига тиббий кўрик хужжатларини топшириш учун метрода кетаётганида метронинг Юнус Ражабий бекатига ўтиш жойида ер ости йўлида милиция ходимлари тўхтатишиб, тинтув қилишган. Унинг ёнидан метрода бепул юришга шахсан умуман алоқаси бўлмаган, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаётган опаси Бегматова Нигорага тегишли бўлган мактаб ўқувчиси гувохномаси чиққан.
Шундан кейин нутқида деффекти бўлган, гапирганида дудуқланиб қоладиган Акбар Мустафоевдан гумонсирашиб, “бирорта жиноятга алоқаси бор шунинг учун тили калимага келмай қоляпти” деган гумон билан уни хоналарига олиб киришиб, унга нисбатан ҳақорат сўзлар ишлатишиб, “агар бўйнинга олмасанг қаматиб юбораман” деган шартлар билан сўроқ қилишган. Бу иш Тошкент шаҳар ИИБ ТБда олиб борилган ва Акбар Мустафоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддасида назарда тутилган “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” жинояти қўйилган.
Мазкур моддада “Сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш” назарда тутилган. Акбар Мустафоев устидан қўзғатилган мазкур жиноят ишига нисбатан норозилик билдирганлиги учун унинг отасига ҳам босим ўтказилиб, тушунтириш хатлари олинган. Тергов харакатлари 2014 йил 25 феврал куни ўз ниҳоясига етган.
Иш март ойининг бошларида суд муҳокамасида кўрилади. Лекин Акбар Мустафоевнинг айтишича, метро қўриқлаш ходимлари томонидан унга нисбатан қўйилган хужжатни сохталаштириш айбга иқрорлик билдирмаганидан кейин, улар харбий комиссиариат учун йиғилган хужжатлар орасидан Акбарнинг суратини олиб, унинг ёнида бўлган метрода бепул юриш учун берилган, муддати ўтиб кетган гувоҳномага ёпиштиришади ва сохталаштирилган хужжатни унинг бўйнига қўйишади. Жабрланувчилар Мустафоев Акабар ва унинг отаси берган маълумотларга кўра, Тошкент метрополитени қўриқлаш ходимлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 230-моддасида назарда тутилган айбсиз кишини жавобгарликка тортиш харкатларини содир этишган.
Мазкур моддага кўра, Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан айбсизлиги аён бўлган шахсни ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айблаб жавобгарликка тортиш тушунилади. Бу ҳақда жабрланувчи Акбар Мустафоев шундай интервью берди.
Мунтазир
“Ҳаракат” таҳририятидан: Агар Акбар Мустафоев ростдан ҳам бировнинг гувоҳномасини бор-йўғи метрода юриш учун ишлатган бўлса ҳам жазоланиши керак. Бу жазо унгча кўп бўлмаган пулли жарима бўлиши кераклиги дунё тажрибасидан маълум. Аммо, бу ишни жиноий иш даражасига олиб чиқиб, судга топширилиши – Ўзбекистон давлат сифатини йўқотиб, масхарабозлар саҳнасига айланганини кўрсатади, холос.
Кечагина хабарларимиздан бирида Сурияда исломчилар бир одамнинг қўлини кесиб жазолашаётгани Ислом Дунёси учун шармандали ҳол эканлигини айтгандик. Ўша сўзларни Ўзбекистон учун такрорлаш керак: Мамлакатимизда бўлаётган ишлар Ислом Карим учун шармандаликдир.