25 February 2014
21:46 -
Эрдўғонга иккинчи зарба: Унинг ўз ўғлига уйидаги нақд пулларни йўқ қилиш таълимоти берилган телефондаги гаплари эълон қилинди

Туркия 30 мартда бўладиган маҳаллий сайловларга тайёрланмоқда. Ҳамма вилоят ва туманларнинг ҳокимлари ва кенгашларига номзодлар кўрсатиб бўлинган. Мухолифат ҳар доим сал кам Оллоҳнинг номидан гапирадиган Эрдоғон ёмон қўлга тушганини, истеъфога кетиши кераклигини гапирса, Эрдўғон ҳеч нарса бўлмагандек, сайловларда халқ унинг Адолат ва Тараққиёт Партиясига овоз беришини такрорламоқда. Турли сўровномаларга кўра, бу партия олдинги сайловларга кўра камроқ овоз олади, аммо ҳаммадан олдинда бўлади. Эслатиб ўтамиз, аввалги сайловларда бу партия 50 фоизга яқин овоз олганди, ҳозирги сўровномалар бу рақам 40 га яқин бўлишини кўрсатмоқда.
Аммо, бугун сайловолди кайфиятини яна ўзгартириб юборадиган янги воқеа юз берди. Туркия ахборот воситаларининг диққат марказига айланган нарса – Бош вазир Эрдўғоннинг телефон орқали ўғли билан гаплашиб, очиқча гапирмаса ҳам тушунса бўладиган шаклда уйдаги нақд пулларни тезда йўқотиш ҳақида буйруқ берганини кўрсатувчи гаплари Интернетда эълон қилиниши бўлди. У яна яна бир неча марта телефон қилиб, ишлар қандай кетаётганлиги ҳақида маълумот олиб турган экан, улар ҳам Интернетга қўйилган.
Мухолифат лидери, Жумҳурият Халқ Партиясининг раиси Камол Қиличдорўғли Бош вазирга шундай деди: “Тезда вертолётга ўтириб, мамлакатдан қоч, ёки истеъфо эт.”
Эрдўғон ўзининг махсус ҳукумат телефони тингланганини пасткашлик дейиш билан бир қаторда, бу провакация эканлигини, эълон қилинган гаплар монтаж қилинганини айтмоқда. У Интернетда эълон қилинган гўёки унинг гаплари давлатнинг махсус хизматлари тарафидан ўрганилишини ва ҳақиқат ўртага чиқишини гапирмоқда.
Мустақил экспертлар эса, Эрдўғоннинг ўғли билан гаплашган гапларини эшитгандан кейин, бу монтаж эмас демоқдалар.
Хуллас, ана машмашаю мана машмаша. Бундай кетаверишда, Туркия ҳам Ўзбекистон каби давлат сифатини йўқотиши ҳеч гап эмас. Эрдўғон буни истамаса, унинг учун энг тўғри йўл – истеъфога кетишдир.
Расмда - Бугун партиясининг парламентдаги фракцияси олдида ғазаб билан ёки талваса ичида нутқ сўзлаётган Ражаб Эрдўғон.