
Ўзбек тилида чиқадиган “Диёнат” гезетасида Р.Умматова исмли биттаси, ўзбек тилини улуғлаш мақсадида бўлса керак, инглизлар ва бошқа еропаликлар ўзбекчадан олинган адмирал, алгебра, утюг, кирпич, карандаш сўзларини олишганини ёзибди. Алишер Навоий ўз асарларида канопдан тўқилган нарсани “катон” деб атагани учун, инглизлар пахта сўзини "cotton" сифатида қабул қилишганмиш.
Алишер Навоий асарлари ўша заҳотиёқ инглизларга етиб бориши мумкин эмасди, ҳар ҳолда 100 йилчадан кейин етиб борди дейлик. Наҳотки, инглиз Исаак Ньютон замонавий физика фанининг асосларини яратаётган бир пайтда инглизлар каноп билан пахтанинг фарқига боришмаган. Балки улар шунақа аҳмоқ бўлгандир, аммо Ал Хразмий араб тилида ёзган “Алжабр ва алмуқамбала” китобининг номидан олинган “алгебра” сўзини ўзбекча деб иддао қилиш учун ҳам одам аҳмоқ бўлиши керак.
Ҳа, бир маҳаллар ўзбек халқи буюк ишлар қилди. Ал Хоразмий, Ал Беруний, Мирзо Улуғбек қилган ишлар билан умрбод фахрланишимиз керак. Ҳозир компютерлар фанида бутун дунё ишлатадиган "алгоритм" ("алгоризм" ватианти ҳам бор) сўзи Ал Хоразмийнинг исмидан олингани билан мағрурланишимиз керак. Аммо, бугун улар билан фахрлансак ва мағрурлансак шохимиз чиқмайди, том аксига, яна ҳам шарманда бўламиз. Ахир, Ал Хоразмий, Ал Беруний, Мирзо Улуғбекларнинг авлодлари бўлатуриб, биздан "cotton" сўзини олган инглизлар ва утюг, кирпич, карандаш сўзларини олган ўрисларга қулмиз.
Ўзбеклар яқин-яқингача бировни лақиллатишни “қозоқ қилиш” дейишарди, ҳозир уларга мардикорлик қилмоқдамиз.
Тўғри, бунга Ал Хоразмий, Ал Беруний, Мирзо Улуғбек эмас, Р.Умматова каби саводсиз замонавий ўзбеклар айбдор. Миллий ғурури қолмаган, миллатни бир чақага сотиб кун кўраётганлари хира пашшадек кўпайиб кетган, миллат сифатини йўқотиб, ош ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарсани ўйламай қўйган ўзбекларнинг ўзи айбдордир. Ўзбек давлатчилиги йўқ бўлаётганига ўзимиз айбдормиз.
Инглизлар "cotton" сўзини биздан олганини кўрсатсак, ўзбек қайтадан миллат бўлиб қолади деб ўйлаш эса, ўзбекча масхарабозликдан бошқа нарса эмас.