16 February 2014
20:42 - Россияга кириш Сизга тақиқланмаганми? Бу саволга жавобни Душанбе аэропортида 12 сомга олиш мумкин!

Asia-Plus (http://news.tj) агентлигининг хабарига кўра, Душанбенинг халқаро аэропортида 12 сом пул тўлаб ҳар бир одам ўзига Россияга кириш тақиқлангани ёки тақиқланмагани ҳақида маълумот олиши мумкин. Жавоб оғзаки берилади, аввал пул олинмасди, энди 12 сом оладиган бўлишибди, аммо бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат (квитанция) берилмайди.

Номи келтирилган агентлик бундай имкониятнинг қулайликлари ва ноқулайликларига, оғзаки маълумотга қанчалик ишониш мумкинлигига эътибор беради ва ўз журналистларини аэропортга юбориб, сарлавҳадаги саволга жавоб олиш механизмларини анализ қилади. Навбат катта ва тартибсиз, аммо жавоб дарчасига етиб келган одам, ўзи ҳақидаги маълумотни 1 минутда олади. Жавоб берадиганлар бу маълумотни Россия Миграцион Хизматидан (русча қисқартмаси ФМС) олишар экан, табиий Интернет орыали. Хабар муаллифининг айтишича, Интернетга кироладиган ҳар бир одам бундай маълумотни ФМСнинг сайтидан (http://services.fms.gov.ru/info-service.htm?sid=3000) олиш имконияти бор.

Россияга бориб мавсумий ишлаб келадиганлар учун яқинда янги мавсум бошланади. Шу сабабли бу саволга жавоб олиш кўплар учун жуда муҳим. Фақат тожикистонликлар учун эмас, ўзбекистонликлар учун ҳам. Аммо, ҳар кимнинг Интернетга кириш имконияти бўлмагани сабали, Ўзбекистонда ҳам аэропорт ва темир йўл вокзалларида шундай хизмат бюроси очилса, яхши бўларди.

Аммо, миллионлаб мигрант/мардикорларимиз Россияда ишлашини тан олмайдиган мавжуд режим шундай қилармикан?