
“Ҳаракат” Агентлигининг башоратлари яна тўғри чиқди. 2008 йилда АҚШда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий кризис аввал ривожланган мамлакатларни урди, мана энди Россия ва Қозоғистон каби ўрта ривожаланганларга етиб келди, ривожланмаган ва қолоқ давлатларнинг, масалан, Ўзбекистоннинг навбати ҳали келмади.
Ўтган вақт ичида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ўз мамлакатларига кризис келмаганини - ўзларининг ҳатто жаҳон кризисини айланиб ўта оладиган йўллар топишга қодир сиёсатчилар эканликлари билан тушунтириб, ўзларини мақтаб юриш билан овора бўлдилар. Мана кризис ўрта ривожланган Россия ва Қозоғистонга етиб келди. Владимир Путин ҳаммани Сочидаги Қишки Олимпиада ўйинлари билан овора қилиб қўйиб, ўзи эса “Энди нима қиламан?” деб ўйлаш билан оворага ўхшайди.
Нурсултон Назарбой эса паникага кириб бўлди. Тўсатдан қозоқ тангасини девальвация қилди. Бу бозор иқтисодиёти шароитида қилиниши керак бўлган оддий қадам бўлиб, бу қадам Қозоғистон ростдан ҳам бозор иқтисодида яшаётганининг кўрсатгичи эди. Аммо, бу қадам аввалроқ қилиниши керак эди. Майли, ҳечдан кўра кеч, дейлик.
Жума куни ўз ҳукуматининг кенгайтирилган мажлисида Нурсултон Назарбой талваса ичида эканлигини яна бир марта намойиш қилди. У ўз вазирларидан мамлакат иқтисодини ривожлантириш учун ташқи инвестициялар жалб этишни талаб қилар экан, “Қуруқ вайсашни тўхтатинг! Инвесторлар учун жаннат яратамиз деб ваъда бердикми, уни яратайлик... Биз инвесторлар билан умумий тил топишимиз керак. Агар сиз буни қилмасангиз, буни бошқа таркибдаги ҳукумат қилади. Бу менинг огоҳлантиришим” деб бақиришгача борди, инвестор тополмаётганлар ишдан ҳайдалишини очиқча тилга олди.
Нурсултон Назарбой талваса ичида бўлса ҳам бир нарсалар қилишга ҳаракат қилмоқда.
Аммо, Ислом Каримнинг ақли қачон киради, у қачон “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлигининг башоратларини ҳисобга олиб иш қилади? Наҳотки у кризис навбати Ўзбекистонга келаётганини тушунмайди? Ислом Карим тезлик билан ички ва ташқи сиёсатни, иқтисод соҳасидаги муҳитни ўзгартириши керак. Бойлар фақат олигарх эмас, авваламбор инвестор эканлигини тушуниши керак. Акс ҳолда, бир неча йилдан кейин, у ўша пайтгача ҳаётда бўлса агар, Нурсултон Назарбойдан ҳам чуқурроқ талвасага тушиб, ўзини осиб қўйишга мажбур бўлади. Акс ҳолда, ҳозир Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилаётган миллионлаб ўзбеклар у ердан ҳайдалса, Ислом Каримни улар осадилар.
Дарвоқе, балки, у бир нарсаларни тушунишга бошлаётгандир. Россия ва Қозоғистон мардикорларимизни камайтирса, улар учун Туркия эшигини очиш кераклигини ўйлаётгандир? Сочидаги Қишки Олимпиада Ўйинлари очилишига борган Ислом Карим Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон билан шу масалаларни муҳокама қилмадими? Туркия ўзбеклар учун “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг саъй-ҳаракатлари билан бу мамлакатга кириш визасини йўқ қилгани учун миннатдорчилик билдиргандир Балки, бу кутилмаган учрашув ҳам унинг ташаббуси билан бўлгандир?
Агар шундай бўлган бўлса, Ислом Карим, кеч бўлса ҳам, тўғри қилмоқда. Агар у “Бирлик”нинг таклифларига ўз вақтида қулоқ солса эди, ундан ҳам яхши бўларди. Аммо, у бор муаммоларни тушунишга бошлаган бўлса ҳам, уларни тузатишга ақли етмайди. Пўлат Охун фарғона.ру сайтида “Бирлик”нинг позициясини ёритиб ёзганидек, Ислом Карим вақтида истеъфога кетса, демократик мухолифат уни тирик қолишини кафолатлаши мумкин.
Расмда – Нурсултон Назарбой жаҳл билан вазирларига дўқ-пўписа қилмоқда.