14 February 2014
18:04 - Уйғуристонда 11 кишини террорист деб отиб ташладилар, Хитой ҳақиқатга кўз юммаслиги керак

АҚШдаги Reuters агентлиги Синхуа агентлигига асосланиб, Хитойнинг Шинжон минтақасида бугун 11 террорист ўлдирилганини билдирди. Синхуага кўра, мамлакатнинг энг кўп мусулмонлар яшайдиган қисмида “мотоцикл ва автомобиллардаги террористлар одатдаги патруллик вазифасини бажаришга бошлашдан олдин Оқсувда бир жойга тўпланган полиция гуруҳига ҳужум қилдилар. Уларнинг автомобилларида сони номаълум бўлган газли баллонлар бор эди. 8 киши полиция тарафидан ўлдирилди, қолган 3 киши ўзини-ўзи портлатиши натижасида ҳалок бўлди.

Reuters агентлигининг хабарида “Шинжон - мусулмон уйғурларнинг уйи, стратегик жиҳатдан Марказий Осиёга чегарадош, йиллардан бери ҳукумат (Хитой ҳукумати назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”) ислом жангарилари ва сепаратистларни Жанбуй Туркистон номи остида мустақил мамлакат яратиш истаги билан айблаб келади.

Чет элга қочиб кетганлар ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари Шинжонда кўчайиб бораётган зўравонлик акцияларнинг асл сабаби – Хитойнинг қаттиққўллик сиёсати, Ислом дини ва Уйғур халқининг тили ва маданиятига кенг йўл берилмаятганидир, демоқдалар. Ўтган йили Октябрь ойида полиция Пекиндаги Тяньаньмэн майдонидаги террористик ҳужумнинг олдини олган бўлса ҳам, 3 террорист ва уларнинг автомобили ёнида бўлган 3 киши ҳалок бўлганди. 2013 йилнинг Апрель ойидан бери Шинжонда бир неча полиция ходимини ҳам қўшса, мингдан кўпроқ одам ўлдирилди.

Шуни айтиш керакки, дейди мухбиримиз, Уйғуристонни Марказий Осиёга чегарадош дейиш хатодир. Чунки, Уйғуристон Марказий Осиёнинг ажралмас парчаси.

Хитой ҳукумати Уйғуристонга кўпроқ эркинлик бериш, унинг Уйғуристон номини тиклаш, ахир бир кун номи Туркистон бўладиган ҳозирги Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан алоқа йўлларини очиш каби замонавий усуллар билан терроризмдан қутилиш мумкинлигини тушуниши керак. Бошқа тарафдан, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаммасида ҳозир диктаторлик режимлари ҳукмрон. Бу мамлакатлар демократлашган сари уларнинг Уйғуристон масаласига эътибори кучайиши ҳам шубҳасиздир.