Бир вақтлар “Ҳаракат” журналига мақола ёзган бир турк тадқиқодчиси Марказий Осиё мамлакатларининг номларини айнан шу шаклда тилга олганди. Яъни, “-истон”лар ўрнига “эли”.
Бугун ўз мамлакатининг жанубидаги Атирай вилоятига сафар қилган Президент Нурсултон Назарбой жамоатчилик вакиллари билан учрашар экан, айнан шу мавзуга тўхтагани қизиқ. У айнан шундай дебди: “Мамлакатимз номининг охирида “стон” бор, худди Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида каби. Айни замонда, чет элликлар Монголия билан кўпроқ қизиқишади, ваҳоланки, унинг аҳолиси бор-йўғи 2 миллион, лекин номида “стон” йўқ. Балки, биз ҳам келажакда “Қозоқэли” номига ўтишни ўйлашимиз керак. Албатта бу масалани халқ билан маслаҳатлашиш керак”.
Нурсултон Назарбойнинг бу мавзуга эътибор берганини “қизиқ” дейишимизнинг сабаби эса қуйидагича. У ҳатто мамлакат номини ўз миллий тилига тўғри келадиган шаклда ўзгартиришни ўйлар экан, нима учун ўз фамилиясидан “ов”ни олиб ташлашни ўйламайди. Буни халқ билан маслаҳатлаш ҳам керакмас. Чунки, бутун дунёда балоғат ёшига етганлар исм-шарифларини ўзгартириш ҳаққига эгалар.
Шунга нима дейсиз, ҳурматли Нурсултон Назарбой?