Туркиядаги “Стратегик Алоқалар Маркази” (туркчасига Stratejik İletişim Merkezi – STRATIM) тарафидан тарқатилаган ва сайтимиз адресига ҳам келиб тушган хабардан маълум бўлишича, шу йилнинг 9-13 январь кунлари Анталияда Рус-Турк интеллектуалларининг 2-чи учрашуви ўтказилди.
STRATIM раиси Яшар Яқиш ва ижрочи директори Суат Қиниқўғли ҳам қатнашган учрашув Анталия Университети ва Россия Фанлар Академиясининг Шарқшунослик Институти тарафидан уюштирилган ва бу ерда икки мамлакат ўртасида ортиб бораётган алоқаларни янада кучайтириш ва бўлиши мумкин бўлган муаммоларга ечим қидириш хусусида давра суҳбатлари ўтказилган.
Шуни айтиш керакки, сиёсий фаолиятини Демократик Сўл Партияда бошлаган Суат Қиниқўғли, кейинчалик Ражаб Эрдўғон раҳбарлигидаги Адолат ва Тараққиёт Партиясига ўтди ва шу партиядан Туркия парламентига депутат бўлиб сайланди. У депутат бўлган йиллари (2007-2011) парламентнинг Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари вазифасини ҳам бажарди.
2008 йили Анқарада Суат Қиниқўғли ва яна бир қатор Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлари билан учрашган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Ўзбекистон-Туркия алоқалари масаласини гаплашар экан, ўзбекларга Туркия визаси бериш учун катта пул олинаётганини ҳам тилга олди.
У дедики, Ўзбекистон Президенти Ислом Карим ўзбек халқининг ҳам, Турк дунёсининг ҳам душмани. Шу сабабдан у ҳар дом ўзбекларнинг Туркияга келиш йўлларини кесиб келмоқда. Аввал Туркияга борадиганлар учун чиқиш визаси беришни қийнлаштириб қўйди, кейин Ўзбекистонга келаётган туркларга виза олиш учун катта пул тайинлади.
Турклар эса, унга қасд қилиб (турклар буни миссиллама дейдилар), ўзбекларга Туркияга кириш визаси олиш пулини ундан ҳам катта қилиб тайинлашди. Аслида, бундай мисиллама билан Туркия Ислом Каримга ёрдам бериб, ўзбекларнинг Туркияга келиши йўлида янги тўсиқ қўйди. Туркия Ислом Каримдан қасд олишни истаса, ўзбекларга текин виза бериши керак.
Турк депуталари бундай гаплардан ҳайрон қолганларини яширмай, ўша пайтдаги Ташқи Ишлар вазири Абдуллоҳ Гул (ҳозир у мамлакат президенти) билан бу масалани гаплашишга ва ҳал этишга ваъда бердилар.
Орадан бир неча ой ўтар-ўтмас, Туркия ўзбекларга нафақат виза учун пул тўлашни, умуман визани бекор қилди. Айнан шундан кейин, Туркияга ишлаш учун келаётган ўзбекларнинг сони кескин ошди. Минг афсуски, ҳозир маълум бўлишича, бу ерга фоҳишалик қилиш учун келаётган аёлларимиз ҳам кўп экан.