30 January 2014
23:21 - Сенсация: АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Украина мухолифатининг лидерлари билан телефонда гаплашди

Русларнинг РИА Новости агентлиги тарқатга ўта қисқа хабарда, АҚШ Давлат Департаментининг вакили Жен Псакига асосланиб, Жон Керри Украина мухолифати лидерларига телефон қилгани билдирилади. Телефон суҳбатида 6 нафар мухолифат лидери иштирок этган.

Украинанинг Европа билан интеграция бўлишини АҚШ қўллаб-қувватлайди, деган Давлат Котиби, демократияни тинч йўллар билан ҳимоя қилишга ҳам чақирибди ва 16 январда қабул қилинган репрессив қонунларнинг бекор қилишини прогресс деб баҳолабди.

Жен Псакининг ўзи мухолифат-ҳукумат қарама-қаршилиги пайтида куч ишлатишгача борганлар жавобгарликка тортилиши лозимлигини урғулабди.

Бу катта ва муҳим воқеа, дейди “Ҳаракат” мухбири. Аммо, шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, 1992 йили Тошкентга келган ўша пайтдаги АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер Ўзбекистон раҳбарларининг қаршилигига қарамасдан “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат билан учрашгандан кейин, унинг ва “Бирлик”нинг обрўси ортиб кетаётгандан талавасага тушган Ўзбекистон Президенти Ислом Карим Абдураҳим Пўлатни жисмоний йўқ қилиш йўлига тушган эди.

Ҳар ҳолда Украина Ўзбекистон эмас, Януковичнинг диктаторлик даражаси Ислом Каримникидан анча паст, демак, бу ерда воқеалар бошқача йўналишда давом этишига ишониш керак.