Ўзбекистоннинг масхарабоз хабар воситаларидан бири, АҚШэлчиси Жорж Крол бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилингани ҳақидаги навбатдаги хабарга айнан шундай сарлавҳа қўйибди. Хабарга кесатиш каби сарлавҳа қўйилиши тасодифан бўлса керак. Аммо, Ўзбекистонда ташқи ишлар вазирлиги ҳар куни дасталаб элчиларини қабул қилади, бироқ, хабарларда қабул қилишнинг сабаби нималиги, нима масалалар тилга олингани умуман айтилмайди. Шу сабабли, Жорж Кролнинг ТИВга келиб, кейин кетганини гапириш жуда мантиқлидир.
Ҳозир дунёда замонавий хабарчилик иккинчи нонга айланган бўлиб, хабарларда бирон воқеани, масалан, элчининг вазирликка келиб-кетганини билдиришдан ҳам кўпроқ, бу воқеани таҳлил қилиш ва бундан ҳам муҳими, воқеага маълум бир тарафнинг манфаатлари нуқтаи назаридан қараш одатга айланган. Ўзбекистонда замонавий хабарчликнинг ўзи бўлмагани сабабли, бизда бу каби воқеалар таҳлил ҳам қилинмайди.
Келинг, биз таҳлил қилишга ҳаракат қилайлик.
“Ҳаракат”нинг хабарларидан ҳам маълумки, АҚШлик 12 сенатор ярим йилдан ҳам аввалроқ Ислом Каримга мактуб йўллаб, уйдирма айблар билан узоқ йилларга зиндонга ташланган ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмоновларни озод қилишни талаб этишганди. Шу кунларда “Эзгулик” жамиятининг вакиллари Қаршидаги қамоқхонада бу уч сиёсий маҳбус билан алоҳида-алоҳида учрашганларини ҳам хабар қилгандик.
Жуда катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, АҚШ элчисига шу учрашувлар ҳақида хабар берилган, маҳбуслар қамоқхонадан шикоятчи эмасликлари айтилган, ҳозир уларни озод қилиш масаласи кўриб чиқилаётгани билдирилган. Жуда катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, улар озод қилинадилар ҳам.
Аммо, АҚШ элчиси жамоатчиликка шу янгликни вақтлироқ хабар қилса, қандай яхши бўларди.