Кечаги хабарларимидан бирида АҚШ Сенатининг 10 нафар аъзоси Президент Ислом Каримга матуб йўллаб, Ўзбекистонда турли уйдирма айблар билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячилари Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов ва Аъзам Турғуновларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз озод қилишни сўраганини билдиргандик. Хат ёзилганига ярим йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан, Ўзбекистон тарафининг бу хатга муносабати маълум эмасди.
Аммо, ҳозир маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлигининг расмийлари Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг анча аввал юқорида исми тилга олинган ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашув уюштириш ҳақидаги сўровномасига ижобий жавоб берганлар. Шундан кейин, аниқроғи, 25 январь куни “Эзгулик” раисаси Васила Иноятова ва жамият Бошқарувининг аъзоси Абдураҳмон Ташанов Қаршидаги жазони ўташ муассасасида Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов ва Аъзам Турғуновлар билан алоҳида-алоҳида учрашишган.
Эслатиб ўтамиз, 24 январь куни Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг аъзолари 20 йилдан бери қамоқда ётган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев билан Чирчиқдаги қамоқхонада кўришишганди
Бундан ташқари, Васила Иноятова шу кунларда Тошкентда бир АҚШ Сенатори ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Патриция Флор билан ҳам учрашган, сиёсий маҳбусларни озод қилиш масаласини ҳам гаплашиш билан бир қаторда, Ўзбекистонда мухолифат расман тан олинмагунча, демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигини таъкидлаб, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш жараёнига ҳам эътибор берилишини сўраган.
Бу учрашувлар ҳақида тафсилотли хабарлар тайёрланмоқда.
Нима бўлганда ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларига Мурод Жўраев, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов ва Аъзам Турғуновлар билан илк дафъа учрашишга рухсат берилгани, уларнинг яқин орада озод этилиши хусусидаги сигнал сифатида қабул қилиниши керак. Шундай бўлсин деб, умид қиламиз.
Расмда - Абдураҳмон Ташанов, Солижон Абдураҳмонов ва Васила Иноятова.