Шанба куни исломчиларнинг ҳукуматга қарши намойишлари ва қуролли ҳужумлари натижасида 49 киши ҳалок бўлди, ҳарбийлар исломчилардан 22 кишини отиб ўлдирдилар, дейилади Рейтер агенлигининг хабарида.
Эслатиб ўтамиз, айнан уч йил аввал ўша куни Мисрнинг диктатор-президенти йиқитилган ва 2012 йил ёзда ўтказилган президент сайловларини исломчиларнинг “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати вакили Муҳаммад Мурсий (расмда) ютган эди.
Муҳаммад Мурсий Мисрни исломий давлатга айлантириш йўналишида сиёсат олиб боргани сабабли, ўтган йили ёзда армия тарафидан йиқитилди ва аввалроқ ўзига қарши чиққан тинч намойишчиларни отишга буйруқ бергани сабабли ҳибсга олинди. Ўшандан бери исломчилларнинг турли намойишлари тўхтовсиз давом этмоқда.
Ҳарбийлар эса, аввал парламент, кейин президент сайловларини ўтказишмоқчи эди. Аммо, шанба кунидаги кўп сонли талафотлардан кейин, улар йўл харитасини ўзгартириш ниятларини билдирдилар. Бу ҳақда вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи Адлий Мансур телевидение орқали халққа қилган мурожаатида гапирди.
Аввалдан маълумки, ҳарбийлар президентликка номзод сифатида, армия қўмондони генерал Абдул Фаттоҳ ал Сини кўрсатишмоқчи. Бу кучли шахс Мисрда барқарорликни тиклаши кутилмоқда. Сайлов куни ҳали белгилангани йўқ.