Ўзини Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи деб атайдиган ташкилот тарқатган хабардан маълум бўлишича, бу Гуруҳ шу йилнинг 7 январида керакли идораларга мурожаат қилиб, 1994 йилдан бери қамоқда ётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраев билан учрашувга рухсат сўраган ва ижобий жавоб олиб, 24 январда бу Гуруҳнинг раҳбари Суръат Икромов ва ҳар куни янги бир ташкилтга аъзо бўладиган Анвар Каримов Мурод Жўраев билан Чирчиқдаги колонияда кўришишган.
Гуруҳнинг хабарида асосан Мурод Жўраевнинг ҳаммага маълум бўлган тарихи ёзилади, учрашувнинг ўзига оид маълумотлар жуда қисқа. Мурод Жўраев ҳозир ўзига нисбатан қийноқлар қилинмаётгани, аммо, авваллари кўп қийноқларга солинганини айтибди, ўзи қамалганда 1,5 ёшда бўлган, ҳозир 21 ёшга кирган ўғли билан шу кунларда учрашганини айтибди, қамоқхонани мақтамаса ҳам, бу ерда ҳатто кутубхона борлигини урғулабди. Тахмин қилиш мумкинки, кутубхонада фақат Ислом Каримнинг оламшумул асарлари бор.
Хуллас, бу хабардан нима мақсад билан Суръат Икромов ва Анвар Каримов салкам 20 йилдан бери Ислом Каримнинг зиндонида ётган Мурод Жўраев билан учрашди, деган саволга жавоб тополмайсиз. Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининнг хабарида тилга олинмаган, аммо “Ҳаракат” Агантлигининг сайтида ўз вақтида ёритилган воқеаларни эслатиб ўтамиз.
Совет даврининг сўнги йилларида Муборак шаҳрининг, ҳозирги атамалар билан айтсак, ҳокими бўлган Мурод Жўрав 1990 йили Ўзбекистон парламентига сайланган депутатлар ичида демократ эканлиги билан ажралиб турарди. Бу каби депутатлар ўша парламентда бармоқ билан санаса бўладиган даражада оз бўлган.
Мурод Жўраев ўша пайтда феълан “Бирлик” халқ ҳаракати фаоли эди. У 1990 йилнинг июнь ойида “Бирлик” соясида, СССР халқ депутатлари Пўлат Охун ва Владимир Золотухин раҳбарлигида тузилган Ҳамма Даражадаги Ўзбекистон Демократ Депутатлари Гуруҳига ҳам кирди. Аммо, эртасига “Эрк” партиясининг раҳбари Салай Мадаминнинг Ислом Каримга асосланиб парламент ичида демократлар гуруҳи тузилиши ҳақида берган ваъдаларига ишониб, “Бирлик” тузган Гуруҳдан айрилди. Ислом Карим у содда депутатларни аввал алдаб ва гуруҳ тузишга ҳам имкон бермасдан, кейин бир тепиб улоқтиргани ҳозир ҳаммага маълум.
Кейинчалик, ўзига қарши уюштирилган суиқасддан кейин Истанбулга кетишга мажбур бўлган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг орқасидан Салой Мадамин ҳам Истанбулга кетди ва демократия йўлидан ҳеч чекинмаган Абдураҳим Пўлатдан фарқли ўлароқ, тўғридан-тўғри террористик фаолиятга тайёрлана бошлади. Айнан шу масалада у Мурод Жўравни яна бир марта ўз фойдасига ишлатиш ҳаракатига тушди. Уни Истанбулга таклиф қилди.
Абдураҳим Пўлат ўз хотираларида Мурод Жўраев билан 1993 йилнинг кузида Истанбулда ўтказилган улуғ ўзбек олими Боймирза Ҳайитнинг юбилейида кўришганини айтар экан, турли шубҳали ишларга аралашмаслик ҳақида маслаҳат берганини урғулайди. Кўринишидан, Мурод Жўрав Абдураҳим Пўлатнинг огоҳлантиришларига кераклича эътибор бермади, уни ўша шубҳали ишларга тортишди. Улар ҳеч нарса қилишолмади, аммо, натижа шундан иборатки, Мурод Жўраев 20 йилдан бери, ўша ишларга тўғридан-тўғри аралашган “Эрк” партиясининг Қашқадарё бўлими раиси Юсуф Рўзимуродов ва Салай Мадаминнинг акасими-укаси Муҳаммад 15 йилчадан бери қамоқда ётишибди.
Улар Ўзбекистон учун критик бўлган йилларда ўзбек миллатининг душмани бўлган Ислом Каримни қўллаб қувватладилар. Оллоҳ шунинг учун уларни жазоламаяптими?
Расмда 20 йиллар аввалги Мурод Жўраевни кўраяпсиз.