“Ҳаракат” Агентлиги ўтган йилнинг 21 июнидан бу йил 2 январгача ўз хабарларини эълон қилолмагани сабабли баъзи эски янгиликларни эслатишга мажбурмиз. Чунки, уларнинг таъсири ҳали маълум вақт давом этади.
АҚШнинг 10 нафар сенатори 2013 йил 26 июнда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримга махсус мактуб йўллаб, уч ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячисининнг озод қилинишини талаб этишганди. Мана ўша ҳуқуқ ҳимоячилари – Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмонов. Улар уйдирма айблар асосида узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилганлар, ҳозир Қаршидаги колонияда қамоқ муддатини ўтказмоқдалар. Улар ҳақида тўлиқ маълумотларни сайтимизнинг бош саҳифасидаги "ma'lumot qidirish" бўлими орқали қидириб топишингиз мумкин.
Алоҳида урғулаш керакки, хатни имзолаганлар ичида машҳур Сенатор, 2008 йилги президент сайловларида Барак Обамага рақиблик қилган республикачи Жон Маккейн бор.
Шу пайтгача Ўзбекистон ҳокимиятидагиларнинг бу хатга муносабати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Сўнгги кунларнинг воқелари кўрсатмоқдаки, бу хат актуаллигини йўқотмади, шу йўналишда янгиликлар бўлиши мумкин.
Хабарларимизни кузатиб боринг.