20 January 2014
16:30 - Кечаси Киевда катта ўзгаришлар бўлмади, мухолифат-милиция тўқнашувлари давом этмоқда

Ҳозир Киевда куннинг ўртаси – соат 13:30. Кечаси Евромайдон ва атрофида президент ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчилар ва беркутчилар (“Беркут” – милициянинг махсус отрядлари) ўртасида тўқнашувлар давом этди. Намойишчилар қарши тарафга Молотов коктейллари (қўбола гранаталар) ҳам отмоқдалар, “Беркут” эса, шовқин чиқарувчи гранаталар отиш билан бир қаторда босим остида сув ва кўз ёшартирувчи газлар сепмоқда. Икки тарафдан ҳам ярадорлар бор.

Президент Янукович сиёсий қарама-қаршиликни тинч йўллар билан ҳал қилиш мақсадида махсус гуруҳ тузди. Унга Президентнинг маслаҳатчиси ва Адлия вазири ҳам киритилган. Яъни, жиддий гуруҳ. Бугун мухолифат вакиллари билан учрашув мўлжалланмоқда. Мухолифат ҳукуматга ўз талабларини тайёрлади:

1. Дарҳол навбатдан ташқари Президент ва парламент сайловлари ўтказиш;

2. Президент сайловлари ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ва Марказий Сайлов Комиссиянини янгилаш;

3. Ҳукуматнинг истеъфоси жўнатиш ва ўтиш даври ҳукумати қуриш, Бош прокурор ва парламент спикерини алмаштириш;

4. Ички ишлар вазири Виталий Захарченкони истеъфога жўнатиш ва албатта жазолаш;

5. Намойишчиларни жазолаш мақсадида охирги кунларда қабул қилинган қонунларни бекор қилиш.

Мухолифатнинг талаблари жиддий. Аммо, у бундай талабларни амалга оширтиришга етадиган кучга эгами, деган саволга ижобий жавоб бериш қийин.

Расмда мухолифатнинг уч қаноти – Юлия Тимошенконинг блоки “Батькивщина”, “Свобода” Бирлашмаси ва “Удар” Партияси – лидерлари Арсений Яценюк, Олег Тягнибок ва Виталий Кличко.