19 January 2014
23:09 - Қозоғистон Президенти Остонада Қатар амирини қабул қилди

Бугун Остонада Нурсултон Назарбой ўз мамлакатига расмий ташриф билан келган Қатар амири Тамим бен Ҳамид Ал Танини қабул қилди.

Қозоғистон Президенти 22 йил ичида Қозоғистон ўз иқтисодини 2,3 млрд доллардан 230 млрд долларга олиб чиққанини таъкидлади. Тарафлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги даражага олиб чиқиш стратегияларини муҳокама қилдилар. Қатар Амирининг ташрифи пайтида бир қатор иккитарафлама ҳужжатлар имзоланди.

Шуни алоҳида урғулаш керакки, Қатар ҳудуди ва аҳолисининг сони бўйича (1,9 млн) жажжи мамлакат бўлса, иқтисоднинг асосий кўрсатгичи - киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми - бўйича (93 минг 103 доллар) дунёда биринчи ўринда туради. Унинг тўла Ялпи Ички Маҳсулоти 181,7 млрд доллар. Қозоғистонники эса, 224,858 млрд доллар.

Солиштириш учун айтиш керакки, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотнинг ҳажми Қозоғистонда 13 минг доллардан бироз ортиқ, Ўзбекистонда эса, бор-йўғи тахминан 1,5 минг доллар. Бизда Ялпи Ички Маҳсулот 50 млрд доллар атрофида. Яъни, Қозоғистон ва Қатар қаршисида биз қашшоқ мамлакатмиз.