12 January 2014
18:06 - АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича янги ёрдамчиси Туркманистонга келади, у ким ўзи?
Ўтган йилнинг 21 ноябрида Конгресс тарафидан тасдиқлангандан кейин бу лавозимдаги Роберт Блейкнинг ўрнини эгаллаган Ниша Десаи Бисвал 13-15 январь кунлари Туркманистонда бўлади ва бу ерда йиллик АҚШ-Туркманистон икки томонлама маслаҳатлашув учрашувларида иштирок этади.

Маълумки, Ниша Десаи Бисвалнинг асосий лавозими - АҚШ Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари Бюросининг раҳбаридир. У, айни замонда, Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси (ўринбосари эмас) ҳисобланади. Жанубий ва Марказий Осиё деб номланган минтақага америкаликлар Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малдвия, Непал, Покистон, Шри Ланка, Тожикистон ва Ўзбекистонни киритишган.

Ота-оналари ҳиндистонлик мигрантлар бўлган Ниша Десаи Бисвалнинг ўзи АҚШда туғилган. Расмда кўринишидан, нисбатан ёш аёл. Уни бу лавозимга янги Давлат Котиби Жон Керри олиб келди, шекилли. Лекин, у бу минтақага нисбатан, хусусан Ўзбекистонга нисбатан янгича сиёсат юритадими, деган саволга ҳали жавоб йўқ.

Ниша Десаи Бисвал Марказий Осиёга янги лавозим эгаси сифатида биринчи келиши. У аввал АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлигида (USAID) Осиё Администраторининг ёрдамчиси эди. Ўша иши доирасида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга аввал ҳам келган бўлса керак.