08 January 2014
20:32 - “Бирлик” фаоли Исроил Ризаевга мамлакатдан чиқиш визаси берилмаяпти
“Бирлик” Партияси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлимлари раиси Исроил Ризага Сирдарё вилояти ИИБ ХЧК ва ФБ томонидан дунё мамлакатларига чиқиш визаси берилмаётир. Бу ҳақда мухбиримиз билан сўзлашган Исроил Риза мутасаддилар бу ҳолни ўзининг судлангани, суд ижроси давом этаётгани билан изоҳламоқда экан. 7 январь куни Сирдарё вилояти ИИБ ХЧК ва ФБ ходимаси Феруза ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳужжатлари Тошкентдан келмаганини билдирибди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Риза шу йилнинг 22 апрель куни сирт(!)дан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши)да назарда тутилган қонунбузарликни содир этганликда айбланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм – 2800 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима билан жазоланган. Ана шу суд қарорини ижро қилиш баҳонасида шу йилнинг ноябрь ойида мухолифатчи хонадонига бир неча марта ҳужумлар уюштирилди.

Архивимиздаги расмда бир гуруҳ "Бирлик" ва Эрк" партиялари фаоллари билан 2010 йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашиш учун Брюсселга борган Исроил Ризани (ўнгдан иккинчи) кўришингиз мумкин.