07 January 2014
06:41 - АҚШ Марказий Банкига янги раис тайинланди, ўзбеклар ҳам Dow Jones индекси билан яшашга ўрганишлари керак

Кеча АҚШ Сенати бу мамлакатда Марказий Банк вазифасини бажарадиган Федерал Резерв раҳбарлигига Президент Барак Обама тарафидан кўрсатилган Жанет Йелленнинг (Janet Yellen) номзодини тасдиқлади. У Федерал Резерв раҳбари лавозимидаги 4 йиллик муддатнинг иккинчисини 31 январда тамомлайдиган Бен Бернанке (Ben Bernanke) ўрнига ўтиради.

Бутун дунё АҚШнинг молиявий ва иқтисодий кўрсатгичларига қараб саф тортишини ҳисобга олсакгина, Жанет Йеллен эгаллаётган лавозимнинг муҳимлигини тушунамиз.

Бен Бернанке Федерал Резервга АҚШнинг молиявий системаси ва иқтисоди чуқур кризисга юз тутган пайтда раҳбарлик қилди. Айнан унинг раҳбарлиги пайтида АҚШ кризисдан чиқди. Бу лавозимга янги тайинланган аёл - 67 ёшли Жанет Йелленнинг вазифаси - юксалишларни давом эттириш бўлади.

Эслатиб ўтиш керакки, АҚШ молиявий системасининг асосий кўрсатгичи Dow Jones индексидир. Бу индекс АҚШнинг энг кучли 40 та компанияси акцияларининг ўртача қийматини билдиради. Бу индекс 2008 йил август ойида бошланган молиявий кризисдан аввал 13-14 минг ўртасида ўйнаб турарди. Кризис пайтидаги ярим йил ичида бу индекс 7 мингларга тушиб қолди. Яъни, бироз қўполроқ қилиб айтсак, 40 та кучли компаниялар акцияларининг ўртча қиймати сал кам 2 бараварга тушиб кетди, табиий, бошқа ширкатларнинг акциялари ҳам ўз қийматини шу даражада йўқотган.

Бундай шароитда, АҚШ ҳукумати молиявий системанинг юраги бўлмиш хусусий банкларга катта ёрдам берди, масалан, Федерал Резерв уларга 0-0,25 фоизли кредитлар бериб келмоқда. Банклар ҳам ўз муштарийларига/клиентларига жуда оз фоизли кредитлар бермоқдалар.

Ҳозир шароит ўзгарса керак. Жанет Йелленнинг биринчи муҳим қарорларидан бири кредитларга фоизни ошириш бўлишини тахмин қиламиз.

Банклар оз фоизли кредит берганлари каби, ўз клиентларининг банкда сақланаётган пулларига ҳам жуда оз фоиз бермоқдалар. Шунинг учун пулни банкда эмас, акциялар билан шуғулланадиган молиявий структураларда асраш фойдали бўлмоқда.

Бу йил кризисдан бутунлай чиқилди, дейиш мумкин. Шу кунларда Dow Jones кризисдан аввалги 13-14 минглардан юқорига чиқиб бўлганини қўйиб туринг, 16,5 мингдан ҳам ошиб, тарихий рекордлар қўйди. Демак, акцияларнинг нархи тарихий юксак даражаларга чиқди.

“Ҳаракат” Агентлигининг фаолияти тўхтатиб қўйилмасдан аввал, бу масалаларда АҚШда яшаётган ўзбекларга баъзи маслаҳатлар бериб келаётган эдик. Бу амалиётимизни давом эттирамиз ва ўзбекларга мурожаат қиламиз:

Ўзбекистондаги яқинларингизга энг керакли ёрдамнигина бериб, ўз пулларингизни имкон борича Ўзбекистонга юбормаслика ҳаракат қилинг. Уларни АҚШдаги банкларда ва акцияларда сақлашга, Dow Jones индекси билан яшашга ўрганинг. Биринчи имконият бўлиши билан бу ерда ўз бизнесингизни очинг.