07 January 2014
07:06 - Яшасин, Ўзбекистон бу йил Chevrolet Orlando ишлаб чиқармоқчи

Ўзбекистоннинг расмий ахборот воситалари “Ўзавтосаноат” 2014 йилда Chevrolet Orlando автомобили чиқариш режасини тасдиқлаганини айтмоқдалар.

Chevrolet Orlando - АҚШнинг General Motors компанияси тарафидан яратилган ўрта ўлчовли, етти ўринли минивендир. У 2008 йили Париждаги кўргазмада намойиш қилинган ва 2010 йилда сотишга чиқарилган.

АҚШлик ширкат иш ҳаққи арзон бўлган Ўзбекистонда ҳам бу автомобилни йиғишга қарор қилгани ҳаммамизни хурсанд қилиши керак. Қозоқларга бориб дворниклик қилгандан кўра, ўзимизда иш бажарганимиз яхши.

Бироқ, унутмайликки, бу автомобиль Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди, йиғилади, холос. Ҳамма нарса америкаликларнинг қўлида.

Бир савол туғилади. Россия ёки Қозоғистонга бориб дворниклик қилаётган ватандошларимиз ўзбек профессорларидан 2-3 баравар кўп пул олишади. Қизиқ, General Motors компанияси ўзбек ишчиларига қанча ойлик тўлар экан? Минг афсуски, бу саволга ўзбек журналистлари жавоб қидиришмайди. Нима ҳам қиламиз, бизда хабарчилик шунақа.