06 January 2014
22:46 - Туркияда сиёсий зилзила давом этмоқда, қаерга қараманг порахўрлик ва ўғрилик

Коррупция, порахўрлик ва ўғрилик нодемократик ўлкаларнинг касаллиги эканини ҳали ҳамма ҳам тушуниб етмагандир, аммо ҳақиқий мусулмончиликда порахўрлик ва ўғрилик бўлмайди деб ишонганларнинг ҳозир Туркия мисолида ҳаёли паришон бўлаётгани шубҳасиздир.

4 январдаги хабаримиздан маълумки (қаранг: http://www.harakat.net/news/?id=14181), катта коррупцион ишлар ва порохўрлик билан қўлга тушган амалдорлар туфайли обрўси бир пул бўлган исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси ва унинг раҳбарияти талваса ичига тушган. Мухолифат ва мустақил ахборот воситалари ҳар куни коррупция ва порахўрлик билан боғлиқ янги ва янги мисолларни ўртага чиқаришни давом эттирмоқдилар.

Охирги катта жанжалли воқеа – Истанбул прокурорининг ўринбосари Закария Ўзнинг ўтган йили октябрь ойида оила аъзоларидан иборат 11 кишилик гуруҳ билан Дубайдаги люкс меҳмонхонада дам олиб келгани бўлди. Бу дам олишнинг ҳамма ҳаражатларини (меҳмонхонадаги барларидан заказ қилинган ичкиликларнинг ҳаражатларини ҳам) Туркияда иш олиб боадиган ширкат ёки унинг филиаллари тўлагани мълум бўлди. Закария Ўз йилига бир неча марта бундай дам олиш “саёхатларида” бўлиши ҳам иддао қилинмоқда.

Бундан ҳам қизиғи, номи бу ифлосликларга қоришган Закария Ўз “Эргенекон” номи билан танилган жиноий ишлар доирасида дунёвийликни ҳимоя қилиб келган сони 100 дан ошган ҳарбийлар, сиёсатчилар ва журналистларни қоралашда энг фаоллик кўрсатган шахс экан.

Яна ўша 4 январдаги хабаримизда айтилгандек, Туркия Қуролли Кучлар Бош штаби “Эргенекон” доирасидаги ишларни қайта кўриб чиқиш талабини ўртага қўйганди. Ҳозир Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон (расмда) ҳамма ерда ўша жиноий ишларнинг қайта кўриб чиқилишига қарши эмаслигини билдирмоқда. Аслида, бундай гапириш ҳам суднинг ишига аралашиш-ку. Аммо, талваса ичидаги Бош вазир ҳозир нима гапираётганини ҳам билмайдиганга ўхшайди.

Бир қатор таниқли журналистларнинг тахминига кўра, яқин кунларда Эрдўғоннинг ҳукумати бу сиёсий зилзилани уюштирган Фатхулла Гулен раҳбарлигидаги ярим яширин Жамоага қарши катта ўлчовдаги ҳужум бошласа керак. Ўзини асраб қолиш учун шундай қилиш тўғридир, аммо аввал дунёвийчиларга қарши уюштирилган репрессияларда бўлганидек, энди фатхулла-гуленчиларга нисбатан ҳуқуқ ва демократия топталишга бошланмайдими? Бу саволларга ҳали жавоб бериш қийин.

Аммо, битта нарса аниқ: Исломий давлат қуриш ҳам оммавий порахўрлик ва коррупцияни йўқ қилолмайди, Ислом динининг обрўсини туширади, холос. Коррупция ва порахўрликнинг минималлаштиришнинг ягона йўли - демократиядир.