Бугун Тошкентга Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги ташқи ишлар ва ҳамдўстлик масалалари вазирининг биринчи ўринбосари, айни замонда, дин ишлари бўйича давлат вазири вазифасини ҳам бажарадиган баронесса Саида Варси хоним ташриф буюради. Маъмуотларга кўра, баронесса Ўзбекистон ҳукумати, Парламент ва ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинади. Музокараларда Ўзбекистон-Британия муносабатларининг турли сохаларига оид долзарб масалаларнинг муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Хонимни Президент Ислом Каримнинг қабул қилиши борасида бирор гап йўқ. Аммо, тахмин қилиш мумкинки, кейинги пайтда яккамоховга айланган Ислом Карим Британия вазири билан учрашиб, ўзининг Европа Иттифоқи структуралари билан яқин алоқада эканини билдиришга уринса керак. Яқинда Нурсултон Назарбой расмий ташриф билан келса ва дунё лидерлари билан ўтказаётган учрашувлари ҳақида гапириб қолса, Ислом Карим ўз ҳузурига кимсан Буюкбританиялик баронесса бир йил ичида иккинчи марта бош эгиб келганини айтади.
Ўзбекистон Президентининг шундай дейишга ҳаққи бор. Чунки, баронесса Саида Варси Ўзбекистонга ўтган йил апрель ойида Консерватив Партиянинг раисдоши сифатида ҳам келган эди.
Эслатиб ўтамиз, 1971 йили туғилган, асли покистонлик Саида Варсига 2007 йилда олтинчи даражали умрбўйи пэр - баронесса унвони берилган. Бу олтинчи даражали умрбўйи пэр туғма баронессалардан пастроқ бўлса-да, Ислом Каримнинг мақтаниши учун етарлидир.