06 June 2013
23:16 - БУХОРОНИ КИМ ШАРМАНДА ҚИЛДИ: “ЭЗГУЛИК”ЧИ БОБОМУРОД РАЗЗОҚМИ ЁКИ ПОРАХЎР АМАЛДОРУ МИРШАБЛАР?! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №13, 05.06.2013)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов ўзи истиқомат қилувчи Жондор тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ноқонуний равишда Бухоро вилояти ИИБга олиб кетилди. Ҳуқуқ ҳимоячисини вилоят ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев сўроқ қилди. Милиция бошлиғига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов хорижий радиолар ва оммавий ахборот воситалари орқали вилоят шаънини булғамоқда, обрўсини тўкмоқда.

Хусусан, Бобомурод Раззоқов “Озодлик” радиоси орқали қилган чиқишларида вилоятда содир этилаётган қонунбузарликлар, коррпуция ва порахўрлик иллатлари ҳақида гапириб, вилоятнинг жамоатчилик наздида обрўсини тўкмоқда. Шу боисдан ҳам ҳуқуқ ҳимоячисига вилоят ИИБ бошлиғи Ш. Ўринов, вилоят ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи А. Андаев ҳузурида огоҳлантириш берилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси қонунбузарликлар, коррупция ҳақида жар солиб, фақат ўзига жабр қилармиш. Агар... агар... бу ҳола яна давом этса, Раззоқов ўзидан ўпкаласин эмиш.

Ҳолбуки, вилоятнинг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусейнов ва унинг 10 дан ортиқ жиноий шериклари яқинда узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилиниб, таъбир жоиз бўлса, вилоятни буткул шарманда қилиб бўлишди. Ҳоким ва унинг ҳамтовоқларига жиноий фаолият учун кенг йўл очиб берган вилоят прокуратураси, ИИБ ва бошқа органлари мамлакатимизнинг муҳим вилоятларидан бири бўлган Бухоронинг шаънини кунда булғашмоқди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига гапираётган Бобомурод Раззоқов эса ана шу қонунбузарликларнинг олдини олиш, соғлом танқид ва конструктив фаолият тарафдори.

“Бола-чақангиз бор, шуни ўйланг. Вилоятдаги камчиликлар ҳақида кўпам ҳаммаёққа жар солаверманг. Тошкентдан Абдураҳмон (“Эзгулик” вакили А. Ташанов назарда тутилмоқда — жамият.) деганига кўп қўнғироқ қилманг. Аксинча, сизга муносабат яхши бўлмайди” дейишибди. Шунингдек, узундан узоқ тергов оҳангидаги суҳбатда ҳукуматнинг қўли узунлиги, исташса, ҳамма нарса қилиши мумкинлигига ишора қилишибди.

Жондорлик “Эзгулик”чи Насулло Шодиевни ҳам сўроқ қилишиб, унга Жиноят Кодексининг 244-моддаси билан суриштирув бошланганини айтишди. “Менга қандайдир провакация уюштиришмоқчи, шуни ҳисобга олинглар” деди Бобомурод ака мазкур суҳбатлардан сўнг “Эзгулик” раҳбарияти билан телефон орқали боғланиб.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Пакт ва бошқа қонун ҳужжатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан мазкур ҳолат бўйича дарҳол изоҳ беришни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини Бухоро вилояти ИИБнинг бир неча раҳбарлари томонидан содир этилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга баҳо бериш ва прокурорлик чоралари қўллашга чақиради. Ҳамкасбимиз Бобомурод Раззоқ тақдиридан хавотир изҳор этиб, жамоатчиликни унинг ҳимоясига чорлайди!