28 May 2013
20:50 - Бухоролик усталар Гулнора Каримнинг илоҳий хислатларини пайқади

“Даракчи” газетасига интервью берган Бухоро вилоятидаги Биби Орифа зиёратгоҳи усталари Фуҳуша, йўғ-э, Гулнорада илоҳий хислатлар борлигини пайқашган. Масалан, “Мирараб” мадрасаси мударриси, хаттот Абдулғафур Раззоқовга кўра, табаррук жойларни қайта таъмирлаш истаги фақат Аллоҳ назари тушган инсонларда туғилади. Бу хайрли иш Гулнора Каримнинг дилига солиниши ҳам бежизга эмас. Хаттотнинг таъкидича, одатда, бир қабр тошига битик ёзиш учун баъзан ўн марталаб ёзилади, ҳарфлар сиғмай қолади ёки тошда очиқ жой қолиши ҳоллари кузатилади.

Аммо ушбу мақбарани Гулнора зиёрат қилгач, ҳаммаси ўзгарди. Гулнора томонидан берилган ашъорларнинг барчаси худди аввалдан режа қилгандек масжиднинг ички деворларига жо бўлган, бу инсонни ҳайратга соладиган бир кароматдир.

Уста-меъмор Бахтиёр Бобомуродов кўра, мақбаранинг қибла томонидаги девор режа бўйича фақат юза томонидан ғишт билан қопланиши лозим эди. Усталар деворни очишса, у узунасига ўртасидан ёрилиб, икки ёнга айрилган ҳолда турган экан. Ёриқ узунасига бўлгани учун деворнинг икки ташқи томонидан ҳам ҳеч нарса сезилмаган. Агар Гулнора зиёратга келмаса ва унинг кўнглига худо солмаса, мақбарадан айрилиб ўтирган бўлардик.

Ганж-ўймакор Алишер Ғойибовнинг айтишича, мақбарадаги токчани ушлаб турадиган ёғочлар 600 йил давомида чириб кетган. Бу чириш ва ғиштлар юки бир метру йигирма сантиметр қалинлигидаги деворнинг ўртасидан узунасига ёриқ тушишига олиб келган. Албатта, бу бежизга эмас. Бу, албатта Аллоҳнинг инояти, Гулноранинг худо кўнглига солган каромат...

Мухбиримизнинг таъкидича, мақбарада улуғ аждодимиз, “Қўлинг ишда, дилинг худода бўлсин” калимаси муаллифи Нақшбандий ҳазратларининг онаси Биби Орифа дафн этилган. Фуҳушамиз шведлардан олган порасининг арзимас бир қисми, яъни ҳаром пул эвазига гўёки ҳолол иш қилаётганига ишонадиган одам борми?