28 May 2013
20:06 - Омадсиз сигир Ислом Каримнинг учар поездига эмас, оддий поездга урилибди

Ўзбекистонда тарқатилган хабарлардан бири хабар ҳам эмас, бўшаб қолган хабарчилик саҳнасини тўлатишга бўлган интилиш маҳсулидир. Нимамиш, 2013 йилнинг 26 май куни соат 18.20 да "Чинор-Тошкент" электрпоезди темир йўлига чиқиб олган сигирни уриб кетиши натижасида поезд 8 дақиқага ушланиб қолганмиш. Шу йилнинг 4 май кунидан Тошкент-Чинор-Тошкент йўналиши бўйлаб йўлга қўйилган қатновда бу каби ҳодисалар бўлиб туриши табиий. Махсус тўсиқлар билан ажратилмаган поезд йўли аҳоли ва унинг мол-ҳоли учун бирмунча хавф уйғотади.

Ўзбекистонда шу ҳам хабар, аммо хабарда сигир эгасига товон ёки сигирнинг ҳаром қотгани ёки сўйиб олингани борасида маълумот йўқ. Аммо фараз қилиш қийин эмаски, бечора сигир Президентнинг тезюрар поездига урилганда эди, Ислом Каримнинг маддоҳ матбуоти сигир “шарафли” ўлим топгани ҳақида бонг урган бўларди. Табиий, мухолифат эса, бу сигирни диктаторнинг поездига қарши чиққан илк қаҳрамон ҳайвон, деб эълон қиларди.

Ҳа бечора сигир ростдан ҳам бечорага ўхшайди.