24 May 2013
17:20 - Ёзувчи Ўткир Ҳошимов оламдан ўтди

Бугун жума намозидан сўнг пойтахтдаги “Дўмбиробод” масжидида Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг жанозаси ўқилди ва адиб 72 ёшида тупроқққа берилди. Жаноза намозида иштирок этган “Ҳаракат” мухбирига кўра, маййитни ислиомий ақида билан 74 ёшда деб кўтаришди ва “Қозиробод” қабристонига қўйишди. Маросимда 3000 дан ортиқ киши иштирок этиб, улар орасида Парламент аъзолари, ҳукумат расмийлари ҳамда жамоатчилик вакилларини кўриш мумкин эди.

Мухбиримизга кўра, Парламентнинг қўмита раиси лавозимигача кўтарилган адиб умрининг сўнгги йилларини камтарона кечирди ва “Театр” журналига муҳаррирлик қилиб келаётганди. У уч ойдан бери қизилўнгач саратони билан тўшака михланган, сўнгги бир ҳафтада бутунлай овозидан айрилганди.

Ўткир Ҳошимов ўнлаб гўзал роман ва қиссалар муаллифи ва беозор шахс эди. Ўз вақтида саройга хизмат қилиб, сўнгра бошқа ижодкорлар сингари ҳайдалган адиб умрининг сўнгги дамигача гўзал асарлар яратди.

Уни Аллоҳ раҳматига олсин!