Давлатнинг ЎзА агентлиги ҳар кун кўплаб масмхарабоз хабарлар тарқатади, уларнинг устидан кулаверишдан ҳам фойда йўқ. Чунки, 21 асрда иккинчи нонга айланган хабарчилик атайлаб масхарабозликка айлантирилган, Ислом Карим бор экан, масхарабозлигича қолаверади.
Шундай бўлса ҳам, баъзи-баъзида масхарабозлар устидан келиб, кўнгил очволишга нима етсин. Мана бугун ЎзА тарафидан тарқатилган хабарлардан бирининг тўла матни.
* * *
Ривожланаётган хўжалик
ЎзА, Тоҳир Истатов (сурат), 24.05.2013 16:26
Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар Бухоро вилоятида ҳам ўз самараларини бермоқда. Буни Бухоро туманидаги “Беҳзод” фермер хўжалиги мисолида кўриш мумкин.
Хўжаликда ғалла ва пахта етиштирилади. Шунингдек 4 гектардан зиёд майдонда боғ ташкил қилинган. Унда нок, олма, гилос дарахтлари парваришланаётир. Асосий экиндан бўш ерларга сабзавотлар экилади. Боқувда 43 қорамол бор. Айни вақтда хўжалик аъзолари мўл ҳосил олиш ниятида дала ва боғ ишларини қатъий агротехника талаблари асосида изчил олиб бормоқда.
* * *
Шу хам хабар бўлдими деб киноя қилмайликда, охирга жумлага қарайлик. Уни баҳолаш учун ўзбек тилининг бойлиги етишмайди. Шунинг учун французча ишлатишга мажбурмиз - шедевр.
Қаранг, бу хўжалик аъзолари ишларни "агротехника талаблари асосида" олиб боришар экан. Яхшики, ЎзАнинг мухбири буни бизга маълум қилди, чунки, содда ўзбеклар ишлар "архитектура талаблари асосида" олиб борилади деб ўйлашган бўларди. Мана энди биламиз, деҳқонларимиз ишни архитектура эмас, агротехника талаблари асосида олиб боришар экан. Табиий, Ислом Карим раҳнамолигида.