23 April 2013
03:14 - Ислом Каримча масхарабозлик: Мамлакатимиз буюк келажагининг мустаҳкам асоси қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш эмиш
ЎзАнинг хабарида айтилишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг ташаббуси билан Тошкентда “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда БМТашкилоти, Халқаро Валюта Жамғармаси, Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки, Ислом Тараққиёт Банки, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН), ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Испания, Италия, Ҳиндистон, Россия каби олтмишдан зиёд мамлакатдан 300 дан ортиқ олим, мутахассис ва эксперт иштирок этди.

Қаранг, дунёнинг сал кам ҳамма ривожланган малкатларидан 300 киши келиб, конференция ишидан қатнашибди. Хўш, конференциянинг мақсади нима эди? Меҳмонлар бизга ақл ўргатишга келишдими ёки биздан ўрганишгами? Санаб ўтилган мамлакатлар биздан қишлоқда ўй-жой қуришни ўрганиш учун келишди десак, бунга ит ҳам ишонмайди. Демак, бизга ўргатишга келишдими? Эй, ўзбеклар ўйлаб кўринг, 21 асрда биз қишлоқда уй-жой қуришни ҳам бировнинг маслаҳатисиз ўзимиз эплай олмаймизми? ЎзАнинг тахминан 10 саҳифалик хабарида бу саволларга жавоб тополмайсиз.

Тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ўзи бир тийинга қиммат чет эллик гўёки мутахассисларни ўз пулига Тошкентга олиб келиб, ўзбек халқини алдаш йўлида яна бир тадбир ўтқазган.

Масаланинг бошқа томонига қарайлик. Ўзбекистоннинг буюк келажаги, Ислом Карим бу конференцияда сўзлаган нутқида айтгандек, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш ва кейинги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги пайдо бўлган ҳамда янги аср қишлоқлари деб юритилаётган кўркам ва чиройли, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, файз ва барака ҳукмрон (саналган сифатларга қаранг - "Ҳаракат") аҳоли манзиллари яратишми?

Хўш, иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича дунёда энг охирги ўринларда турганимизни қандай баҳолаш керак? Бу кўрсатгич, демак, одамларнинг ўртача даромади бўйича, ривожланган давлатлардан 30-40 баравар, Қозоғистон, Туркманистон ва Озорбайжондан 6-8 баравар (!!!) орқада эканлигимиз нимадир? Қозоғистонда ўртача ойлик 700 доллар атрофида экан, бизда 85 доллар эканлиги нимадир? Ўртача ойлик Остонда 800 доллар атрофида, ҳатто Душанбеда 150 доллар экан, Тошкентда 120 доллар эканлиги нимадир? Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам ойлик олиши нимадир? Келтирилган кўрсатгичлар бўйича фарқ йилдан-йилга камайиб эмас, ортиб бораётгани ниманинг исботидир?

Чет элдан келган 300 та меҳмон шуларни билмайдими? Билганлари бўлса, қайси маблағга уй қурмоқчисиз, деб сўрашмадими? Демак, улар қашшоқ ўзбекнинг пулига Ўзбекистонни айлангани келиб, устимиздан роса кулиб юртларига қайтишган муттаҳамлардир.

Дарвоқе, конференция ишида қатнашган ўзбек қорамоллари (улар расмда меҳмонларнинг орқасида ўтиришибди) ҳам юқоридаги саволлар устида ўйлашмайдими? Улар 30 миллионлик Ўзбекистон аҳоласини алдашда Ислом Каримга ёрдам беришаётганини, ахир бир кун кўзи очиладиган миллат олдида жавоб бериш кераклигини ҳам тушунишмайдими?

Ислом Каримнинг вазифаси ва бурчи - мамлакатнинг чўкаётган иқтисодини қандай қутқариш масаласини кўрадиган илмий конференциялар ташкил қилишдир. Бундай тадбирларга мамлакатимздаги аҳволни кескин ўзгартириш бўйича аниқ таклифлари бўлган мухолифат вакилларини ҳам чақиришдир. Энг яхшиси, бундай ишлар қилишга қодир эмаслигини тан олиб, истеъфога кетишдир.