23 April 2013
02:36 - Русларнинг МТС компаниясини қизи "Ўздунробита" ниҳоят банкрот деб эълон қилинди, ўзбеклар Фуҳуша туфайли Давлат Бюджетининг 5 фоизи миқдорда пул йўқотди
Тўла номи "Мобиль ТелеСистемалар" бўлган Россия компаниясининг Ўзбекистондаги бўлими "МТС-Ўзбекистон" кўп йиллардан бери "Ўздунробита" бренди остида ишлаб келгани, аммо ўтган йили Ислом Каримнинг қизи Фуҳуша ҳам аралашган порахўрликдан кейин ҳукумат "Ўздунробита"нинг лицензияларини бекор қилиб, унинг бизнесини швециялик TeliaSonera компаниясининг Ўзбекистондаги қизи "Ucell"га бориб юборгани, Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита”ни давлатга $600 млн зарар етказишда айблаб, шунча пулни давлатга тўлаш лозимлиги ҳақида қарор чиқаргани, унинг 4 нафар топ-менежерига шартли қамоқ жазоси бергани, директори Беҳзод Аҳмедов эса ғойиб бўлгани, аммо у Фуҳушанинг буйруғи билан гумдон қилингани ҳақида гаплар юрганини мунтазам равишда ёритиб бордик.

Яна ўша хабарларимиздан маълумки, "Ўздунробита"нинг ўз лицензияларини қайтариб олиш учун суд орқали қилган ҳаракатлари ҳам бекор кетди. Табиий, чунки, судлар ҳам Фуҳушанинг қўлида-ку. "Ўздунробита"нинг кассасида бор-йўғи $150 млн бор бўлгани учун, у давлатга фақат шуни тўлаб, қолган $450 миллионни тўлай олмади ва ўзини банкрот деб тан олиш истаги билан судга ариза берди.

Тошкент суди бу ишни бир марта орқага сурганди, кеча ниҳоят “Ўздунробита”ни банкрот деб эълон қилибди. Энг қизиғи, бу ҳақда биринчи бўлиб, русларнинг "Новости" агентлиги хабар берди. Демак, МТС қолган $450 миллионни тўламайди. Яна ҳам очиқроқ айтсак, у $450 миллионини сақлаб қолди, ўзбекларнинг чўнтагидан шунча пул, машҳур бир Совет киносида айтилгандек, ту-ту бўлди.

Россия ҳукуматининг катта босими остида Ислом Карим "МТС-Ўзбекистон"ни тикланишига йўл беради деган гаплар юрарди. Ўзбекистон Президентининг бир неча кун аввалги Москвага сафарининг асосий мақсади ҳам шу масалада келишиш ва қизини жавобгарликдан сақлаб қолиш бўлса керак деган тахминни биз ҳам билдирган эдик.

Ҳозир бир нарса дейиш қийин, аммо Ислом Карим айнан қизини зарбадан қутқариб қолиш учун Москвада $450 миллиондан воз кечиш ҳақида ваъда берган бўлиши мумкин. Суднинг банкрот тўғрисидаги қарори президент Москвага бориб келганидан кейин чиқарилиши ҳам бу тахминни тасдиқлайди.

Ўзбекистон Давлат Бюджетининг даромад қисми бор-йўғи $10-11 млрд атрофида эканлигини ҳисобга олсак, ўзбеклар Фуҳуша туфайли жуда катта пул йўқотди - бюджетнинг сал кам 5 фоизи. Даҳшат!!