23 April 2013
09:04 - Остона 2017 йилгача дунёнинг "Ақлли Шаҳар" рейтинги бўйича биринчи 50 таликка кирмоқчи ва аҳолини паркинглар билан таъминламоқчи
Маълумки, Қозоғистон пойтахти Остона дунёнинг энг обрўли "ЭКСПО-2017" халқаро кўргазмасини ўтказиш конкурсида ғалаба қозонди. Кеча Президент Нурсултон Назарбой раҳбарлигида Мустақиллик Саройида шу кўргазмани ўтказишга бағишланган мажлис бўлди, деб хабар беради Казинформ агентлиги. Бу ерда кўрилган кўп масалалардан иккитаси бизнинг ўқувчилар учун ҳам қизиқарли бўлади, дейди "Ҳаракат"нинг мухбири.

Биринчидан, Президент 2017 йилгача Остонани "Смарт Сити" - "Ақилли Шаҳар" рейтинги бўйича биринчи 50 таликка киришга эришиш хусусида топшириқ берди. Унинг айтишича, 16 кўрсатгич бўйича тузиладиган рўйхатнинг бошида Вена, Торонто, Париж, Нью-Йорк ва Лондон турибди. Остона 4 та кўрсатгич бўйича ҳозироқ биринчи ўринда экан. Аммо кўпчлик кўрсатгичлар бўйича Остона ҳали бошқалардан орқада. Лекин, дейди мухбиримиз, Остонда дворниклар Тошкент профессорларидан 2-3 баравар кўп маош олаётганлари сабабли, бизнинг профессорлар у ерга оммавий равишда дворниклик қилишга кетишса, Остона ҳеч шубҳасиз "Ақилли Шаҳар" рейтингида биринчи ўринга чиқиши муқаррар.

Иккинчидан, Остонада автомобиллар учун паркинглар етишмайди. Сўнги йилларда қурилган 41 минг квартира учун фақатгина 3,5 та паркинг жойи бор. Чунки, шаҳар ҳокимияти паркингларсиз уй қуришга ҳам рухсат бермоқда. Прокуратура бундай ҳолларни текшириши ва имкони борича тезроқ бутун автомобилларни паркинг билан таъминлашга эришилиши керак, дебди Нурсултон Назарбой.

Йиғилишда Бош вазир С.Ахметов ва шаҳар ҳокими И.Тасмагамбетов қилинаётган ишлар бўйича ҳисобот бердилар. "ЭКСПО-2017" ўтадиган кунлари Остонга бутун дунёдан миллионлаб меҳмонлар келиши кутилмоқда экан.