16 April 2013
19:41 - Туркия Президенти Турғут Ўзал ўлганми ё ўлдирилган?
Бу мамлакатнинг 8-чи Президенти Турғут Ўзал Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориб келгандан кейин бир неча кун ўтгач, 1993 йил 17 апрелда юрак муаммолари билан 66 ёшида тўсатдан оламдан ўтган эди. Эртага унинг ўлган кунини 20 йиллиги. Сўнги йилларда Турғут Ўзал ўз ўлими билан олмадан ўтмагани, уни ўлдиришгани ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Унинг оила аъзолари, жумладан, турмуш ўртоғи ҳам, бу хусусда текшириш ўтказишни талаб қилишди. Прокуратура иш бошлади. Бир неча ой аввал мозори очилиб, унинг суякларидан текшириш учун керакли бўлган моддалар ҳам олинди.

Бугун, яъни турк қонунлари бўйича ўлган одам билан боғли жиноий ишни судга бериш учун берилган 20 йиллик муддатга 1 кун қолганда, прокурор ишни судга берибди. Иддиономага кўра, аллақачон нафақали бўлган собиқ генерал Левент Эрсўз Президентнинг ўлимига алоқаси борлиги билан айбланмоқда. Аммо, айбноманинг тафсилотлари маълум эмас.

Матбуотдаги олди-қочди гапларга кўра, Турғут Ўзал туркий мамлакатларни Турк Иттифоқига бирлаштирш ғояси билан юргани учун, бунга қарши бўлган мамлакат хавфсизлик хизмати (Миллий Истиҳборат Ташкилоти - МИТ) ўз Президентини ўлдиришга жазм қилган. Ҳозир ҳокимиятда бўлган исломчилар Туркияни исломий давлатга айлантириш йўлидаги асосий тўсиқ дея МИТни кўраётганлари учун, айнан уни обрўсизлантириш йўналишида ҳаракат қилишмоқда, бунинг учун Турғут Озалнинг тўсатдан ўлими воқеасидан ҳам фойдаланишмоқчи, деган гаплар ҳам юрибди. Аслида, Турғут Ўзал турк дунёсини бирлаштириш ҳақида биронта жиддий қадам қилгани маълум эмас. Унинг миллати курд бўлгани сабабли, у курдларнинг мустақиллик учун курашини зимдан қўллаб-қувватлаган дейувчилар ҳам бор.

Хуллас, доим ички ўйинлар билан тўла бўлган Туркиянинг сиёсий саҳнасида навбатдаги парда бўлаётганга ўхшайди.