13 April 2013
21:54 - Васила Иноятнинг ўғли Жавоҳир бокс бўйича мамлакат чемпиони бўлди
Шу йилнинг 11 мартида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Жавоҳир Иноят ғолибликни қўлга киритди. Мамлакат чемпионига аталган кубок билан тақдирланган забардаст спортчи, темирмушт Жавоҳир таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифатчи Васила Иноятнинг кенжа ўғлидир.

Бу хабарни Олмаотадаги бир анжуманида иштирок этаётган вақтида эшитган ҳуқуқ ҳимоячиси беихтиёр кўзига ёш олди, дарҳол Жавоҳир билан боғланиб: “Ўзинг яхшимисан, лат емадингми, болам?” деди. Ҳуқуқ ҳимоячилиги ва мухолифатчилиги ортидан ҳам тақдирнинг, ҳам ҳукуматнинг муштини еб, қадди букилмаган Васила Иноятнинг кўнглидан ҳис-туйғулари қандай тошганлиги ҳамма ўзбекларни нафақат таъсирлантиради, балки ҳаммага дарса ҳам бўлади, деб ўйлаш керак. Чунки, ҳис-туйғи инсоннинг бош сифатларидан биридир.

Жавоҳир ҳали 16 ёшда, аввал қоидасиз жанглар бўйича пойтахтда тенгсизлигини намойиш этган эди. Энди эса спортнинг бокс туридан мамлакат чемпиони бўлди ва унинг жаҳон рингларида ҳам тенгсиз бўлишига тилакдошмиз.

Ғалабанг муборак, Жавоҳир!