
Мўмин ким, мусулмон ким,
Борми, сўзимни уққан.
Худодан қўрққан эмас,
Фақат Худодан қўрққан.
Оллоҳдан қўрқиб тағин
Иту битдан ҳам қўрқсанг
Қўрқсанг ҳар зўравондан
Мустабиддан ҳам қўрқсанг.
Демак муслим эмассан
Ҳақдан қўрққанинг ёлғон.
Фақат ва яна фақат
Ҳақдан қўрққан мусулмон.
Мордан қўрқсанг морни ҳам
Демак худо биласан.
Қўрқсанг бад тождорни ҳам
Демак худо биласан.
Зулмдан қўрқсанг, демак
Зулм ҳам Сенга худо.
Ўлимдан қўрқсанг, демак
Ўлим ҳам сенга худо.
Ҳар балодан ҳар қачон
Эҳтиёт бўлгин, бироқ
Фақат тангридан қўрққин
Бошга келса ҳам пичоқ.
Тўрт томондан тўрт туман
Қўшин ёғдирса ҳам ўқ
Яратган истамаса
Тош бошингда ўлим йўқ.
Бўйнингдаги тиғ синиб
Жонинг қолади омон.
Сенга отилган ўқлар
Ҳавода бўлар тўзон.
Бас, Ҳақ деб майдонга чиқ,
Ёвузликни ол нишон.
Тоабад тирикдирсан
Пойингда икки жаҳон.
Мўмин ким, мусулмон ким,
Борми сўзимни уққан.
Худодан қўрққан эмас,
Фақат Худодан қўрққан.
* * *