Ҳар бир қадимий афсона ва ривоятларда қандайдир ҳикматлар мавжудга ўхшайди.
Ўсмирлик чоғимда кўчамизни бошида бир ҳовуз бўлиб, уни атрофида кўпинча маҳалламиз оқсоқоллари ҳордиқ чиқариб суҳбат қуриб ўтирардилар. Биз эса бир-икки жўралар биргаликда уларни суҳбатларини мароқ билан тинглар эдик.
Эслаб қарасам, ҳали телевизор одамлар ҳонадонларига кириб улгурмаган даврлар экан. Суҳбатлар ҳар-хил мавзуларда - уруш ва тинчлик, тўй ва аза, баъзан, қиёмат-қоим даҳшати-ю ва ундан олдин бўладиган аломатлар ҳақида бўларди.
Абдиқаҳор бува қиёматдан олдин Андижонни сув босиши, Тошкентни ер ютиши ва Бухорони ўт олиши ҳақида гапирса, Махсум бува Хитойни Самарқандаги “кўк тошга” миниши билан қиёмат бошланади дегани хозиргача ёдимда. Кўк тош қанақангилигини ҳеч ким билмасди, бъзилар у тош ўша кунлари пайдо бўлади ҳам дерди.
Кейинги йилларда Ҳитойни тобора Ўрта Осиё кириб келаётганлиги менга ўша ривоятни эслатади.
Аввалдан ҳар қалай бой иқтисодий ва интелектул потенциалга эга бўлган Ўзбекистон Ислом Карим ҳокимиятга келганидан сўнг тобора иқтисодий таназзулга ғарқ бўлиб бораябди. Унинг шарофати билан ўзбек халқи мардикор миллат бўлиш билан бирга постсовет ҳудудларда “чуркалар” деган хақоратли лақабга ҳам эга бўлди.
Энг ёмони, иқтисодиётимиз мардикорлардан келаётган пуллар хисобигагина яшаб, бозоримиз Ҳитой товарлари ҳисобигагина тўлиб турибди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон ўз салоҳияти билан барча Ўрта Осиё давлатчаларини бирлаштириш, иқтисодий ва сиёсий бақувват регионга айлантириш имкониятига ҳам эга эди.
Аммо дунё сиёсатида салмоғли роль ўйнай оладиган турк давлатининг қайта шаклланиш имконияти чиппака чиқиб, эндиликда бу ҳудудда бир-бирини ёмон кўрадиган давлатчалар шаклланиб бўлди. Устига-устак, Ислом Карим ўзини телба-тескари ташқи сиёсати билан қардош республикаларни барчаси билан дўстлик ришталари узиб, ўзбекни ҳалқаро обрўсини ҳам ер билан яксон қилди.
У барча, кичик амаладордан тортиб вазирларгача, пора бериш эвазига амалга минадиган системани яратди. Пора билан амалга келган ҳар қандай раҳбарнинг “оёғи қалтироғ” бўлиб, уни хоҳлаган пайтда ишдан олиш ва қамаш имконияти мавжуд. Бу ҳаммага маълум сиёсат бўлиб, унинг тафсилотларга тўхталиб ўтирмайман.
Шунингдек, Ислом Карим ўзи ясаб шиширган “ола-бўжи” хавфи баҳонасида минглаб навқирон йигитларимизни нобуд қилиш билан бирга, Ўзбекистонни бутун дунёга ислом фундаментализми хавфи мавжуд мамлакат қилиб, ўзини эса шундай хавфни тўсиб турган сиёсатчи сифатида кўрсатаябди. Ғарб сиёсатчилари уни инсон ҳуқуқларини паймол қилаётган диктатор сифатида кўришсада, иккинчи томондан, уни гўёки ислом экстремизмига қарши қилаётган ишларини зимдан қўллаб қувватлаябдилар.
Ҳаммага маълумки, дунёдаги туртта буюк давлатдан бири Хитой бўлиб, кейинги даврларда уни дунё сиёсатидаги роли тобора ортиб бораябди. Ҳозирги кунда дунёнинг исталган бурчагида хитойликка ва хитой товарларига дуч келишингиз мумкин. Қанчалик ривожланмасин, бир ярим миллиардан зиёд нуфузга эга бу халққа ўз ҳудуди тобора тор келиб қолаябди.
У тобора ўз товарларини сотиш, корхоналар қуриш, қарзлар бериш, ўз ишчиларини экспорт қилиш ва ҳозирчалик бир оз мавҳумроқ бўлган, аммо келажакда ўзи учун ўта манфаатли бўлиши мумкин бўлган ШХТ орқали ҳам Ўрта Осиёга кириб келди. Нафақат Ўрта Осиёга балки Россияга ҳам кириб келаябди.
Мен Хитой билан умуман алоқа қилмаслик керак демоқчи эмасман. Ҳар бир давлат бошқа давлатлар билан олди-сотди қилиш эвазига ҳам ривожланади.
Бироқ, Ўзбекистоннинг эса келажакка мулжалланган хеч қандай иқтисодий режалари ҳам йуқ. Бунинг устига сув ва электр энергияси тақчиллиги юзага келмоқда. Амалдорларимиз бугунги кунни пораси билан яшаб фақатгина бурнини тагинигина кўраябдилар халос. Бундай инсонлар миллатни келажаги ҳақида қайғуради, деб ўйласангиз, албатта хато қиласиз.
Ўзбекистон ва қўшни давлатларининг диктаторчалари ҳам ўз сиёсатларини бир-бирлари билан ҳамкорлик ва интеграция асосида шакллантирмас эканлар, ўз худбин сиёсатлари натижасида ҳозирги мавқеларини ҳам бой бериб, бутун ерларимизни келажакда Хитойга ем қилиб беришлари мумкин.
Демак, бутун Ўрта Осиёни келажаги, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг сиёсатига боғлиқ. Ўзбекистон Ислом Каримнинг ички ва ташқи душман ахтариш сиёсатидан қутулиб, тезроқ демократик ва ривожланган давлатга айланмас экан,ҳозир олиб борилаётган сиёсат билан Ҳитойни “кўк тош”га биз ўзимиз миндириб қўямиз.
Акбарали Ориф
“Ҳаракат” таҳририятидан: Акбарали Ориф “Бирлик” Партияси Андижон вилоят ташкилотининг раҳбарларидан бири. 2005 йили Андижонда халқнинг қирғин қилинишини демократ сифатида қоралагани учун қамалиб ҳам чиққан.