09 February 2013
01:08 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Адабиётда ўлик мавсум”
Мана беш йилдирки, Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасига янги аъзолар қабул қилинмаяпти. Бу ижодкорлар орасида Ёзувчилар Уюшмаси тарқатиб юборилар эмиш, деган ҳақли гап-сўзга сабаб бўлмоқда. Хўш, Ёзувчилар уюшмаси тарқатиб юборилса ижодкорлар нима йўқотади?

Ҳеч нима. Бироқ адабиёт ортидан кун кўраётган бир тўда амалдорлар учун бу катта йўқотиш бўлиши мумкин. Чунки улар Ёзувчилар Уюшмаси қошидаги “Ижод” фонди маблағларини ўз манфаатлари, маишатлари йўлида ишлатиб анчадан бери мазахўрак бўлиб қолишган. Улар Дўрмон боғини обод қилиш, ёш ижодкорларнинг илк китобларини нашр этиш баҳонасида жуда катта маблағларни ўзлаштириб юборишмоқда. Бу ҳам етмагандай, асл вазифалари бир четда қолиб,бугунги адабиёт чиновниклари ўз кабинетларини серҳашам қилиш, ўзларига қимматбаҳо хизмат машиналари харид этиш билан оворалар.

Масалан, куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси Б. Алимов ўзига 86 миллион сўмга Каптива русумли машина сотиб олди! Ҳойнаҳой, у тез-тез тоғли ҳудудга дам олишга чиқишни кўзлаган бўлса керак. Ҳа, нима ҳам дер эдик, унинг “Менинг катта ютуғим , ҳеч нарса ёзмаслигимда, адабиётдан йироқлигимда” деб мақтаниши чинга ўхшайди.

Ҳолбуки, ижодий ишларига, бирор асар яратиш бўйича хизмат сафарига чиқиш учун ёрдам сўраб мурожаат этган адибу шоирларга бир тийинлик ҳам кўмак беришмайди. Уларни Ватан учун текинга ижод қилишга даъват этиб устларидан кулишади. Агар гапимиз ёлғон бўлса, ким айта олади, сўнгги беш йил ичида, яъни “Ижод” фонди ташкил этилгандан бери ўзбек адабиётида, уюшманинг ғамхўрлиги билан қандай шов-шувли, бадиий баркамол асар яратилди? Ҳеч қандай!

Айтишларига қараганда, яқин кунлар ичида Б. Алимов ўз кабинети ёнига милициядан қоровул қўйиш режасида экан. Қизиқ, у ўзини кимдан қўриқлайди?!