23 January 2013
17:33 - Кечагина ўткан кунларимиз: “Ҳаракат” хатқутисидан: Уят, сизларга, оппозициячилар!
Aссалому алайкум ҳурматли бирликчилар ва бошқа оппозициячилар, тўғриси, сизлар қайта қуриш даврида энди чиқа бошлганларингда, мен 12-13 яшар бола эдим. Ўша пайти билардим-ки, Бирлик норасмий ташкилоти борлигини. Ўша пайт ҳам сизларни ҳурмат қилардим. Ва ҳозиргача ҳурмат қиламан. Мен яқинда Ўзб.да ман этилган сайтларга киришни ўрганиб олдим. Ўзбек мухолифатчиларини ҳозирги ҳаёти ҳақида қизиқдим. Тўғриси, мен умуман, сизлар ораларингизда "бирлик" йўқлигини кутмаган эдим. Бир-бирини айблашлар, бир-бирини ғийбат қилишлар, ҳаммангиз ўзингизча ҳақсиз. Оғайнилар, беайб парвардигор! Бир-бирингизга кечиримли бўлинглар. Сизларни орангизга шунчалик нифоқ солган, сизларни ушбу бирикмаслигингизни таъминлаган ва сизларнинг устингиздан кулиб ўтирган ИАК. Ўз мақсадига етиб ўтрибди, ўз найранглари билан, бир-бирингизга гумон ҳиссиётини солишга ИАК давно улгуриб бўлибди. Мен сизларни бу аҳволингизни кўриб ҳам ҳайрон, ҳам хафа бўлдим. Уят,сизларга!!!

Сизларнинг ҳозирги тарқоқ ҳолатингиздан ҳозир бир гуруҳ одамлар, Ўзб. Компартиясини қайтадан тузиб, Евроосиё Иттифоқига Ўзб.ни аъзо қилиб, Божхона Иттфоқига киришни, Ўзб. фуқароларини Россияда бемалол яшаш ва ишлаш ҳуқуқини таъминлаймиз. Россиядан шакар, кўмир, ёғоч, картошка маҳсулотларини омборларга тўлдириб ташлаймиз. Иш ҳақи миқдорини камида 400-500$ қилиб белгилаймиз. Бизнесга тўлиқ эркинлик берамиз, солиқларни минимал даражада камайтирамиз, бензин тақчиллигини умуман бўлмайди, деган ташвиқотларни олиб борилса, ана ўшалар яхши муваққиятларга эришиб кетади-ку. Шундай қилиб,бунақа лаллайиб юраверишларингиз ярамайди. Қуруқ гап билан иш битмайди. Қаттиқ гапирган бўлсам, узр!!!!

“Ҳаракат” таҳририятидан: Танқидий мактубингиз учун раҳмат. Сиз кўтарган ҳамма масалаларга тушунтириш бериш учун одамзот тарихини қайтадан тилга олишга тўғри келади. Буни қилиш имконимиз бўлмагани учун Сизга маслаҳат беришдан бошламоқчимиз. Одамзот тарихини озгина бўлса ҳам ўрганиш керак. Ўргансангиз, миллатни миллат қилиш, ватанни ватан қилиш, бирлик-баробарликка эришиш қандай оғир ишлигини билган бўлардингиз. Ўзбеклар 4-5 асрдан бери ҳеч қандай ривожланиш кўрсатмаган тўдага айланиб қолганини, Қўқон аравадан бошқа нарсага эга бўлмагани учун осонликча русларга мустамалака бўлганини тушунардингиз.

Ҳозир Ўзбекни қайтдан миллат қилиш жараёни кетмоқда. Бу катта тарихий жараён. Яҳудийлар ўз ватанини қайтариб олиш учун 1,5 мингча йил кўрашганини, қандай босқичлардан ўтганини озгина бўлса ҳам эшитгандирсиз. Шу кунларда Россия, Украина, Белорусия ва Озорбайжонда демократик мухолифат биздан баттар тарқоқ эканлигини озгина бўлса ҳам билсангиз керак.

Яқинда бизнинг сайтга киришни ўрганибсиз. Бу ҳам 21 асрда буюк иш. Офарин! Ўзбекистонда ва мухолифат ичида кетаётган жараёнларни тўла бўлмаса ҳам, яхшироқ тушуниш учун ҳали кўп нарсани сайтимиздан ўқишингиз керак. Айниқса, "Актуал мавзу" бўлимидаги мақолаларни. Бир неча нуқта бўйича маслаҳат бермоқчимиз.

“Бирлик”нинг тузилиш йилларидаги кучи ва унинг ичимиздан чиққан хоинлар тарафидан парчаланишини кўрсатувчи “Можаро” фильми сайтимизнинг бош саҳифасида турибди, уни кўринг. Хоинлар ҳамма миллат ичида бўлган, бор ва бўлади. Шу сабабли, Сиз айтган “бир-бирига кечиримли бўлиш” ибораси маҳаллаларда эр-хотинни яраштиришда ишлатиладиган сўзлардир. Катта курашларда, миллатнинг тақдири учун курашилаётганда, хоинлар кечирилмайди. Улар жазоланади, миллат жазолайди, биз эмас. Хоинликлардан хулосалар чиқарилади ва уларни қайта такрорланмайдиган қилиб, олға кетилади. Ҳозир ўзбеклар қулларга айлантирилганини қўйиб туринг, қирғиз фашистлари Ўзбекни тириклайин ёққанда, Ўзбек қизларини тўдалашиб зўрлаганда қисиб ўтирган ўзбек миллати - миллат сифатини йўқотиб бўлди. Дарвоқе, Сиз ҳам ўша қисиб ўтирганлардан бирисиз. Узр, аччиқ ҳақиқат учун.

Иқтисодий масалага келсак. Кечирасиз, русларнинг “Этикдўз, этикдан юқори билан ишинг бўлмасин” маъносидаги мақолини эслатмоқчимиз. Узр, яна бир қаттиқ гап учун. Бу масалани, кўринишидан, муттлақо тушунмайсиз. Сиз ягона эмас. “Бирлик”дан ташқаридаги мухолифатчиликка даъво қилаётганлар ҳам Сизнинг даражангизда. Ҳеч нарсани билишмайди, биз уларни масхарабозлар деймиз.

Билиб қўйингки, мамлакат иқтисодининг асосий кўрсатгичи- Ялпи Ички Маҳсулотдир. Аҳолининг ўртача даромади - киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотнинг ҳажмига пропорционалдир. Ўзбекистон киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми билан ривожланган мамлакатлардан 30-40 баробар орқада. Демак, оддий одамларнинг ўртача даромади бўйича ҳам шунчага орқадамиз. Шу сабабли, ҳозир ҳамманинг мақсади чет элга қочиш. Ривожланган мамлакатларни қўйиб туринг, Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 баравар орқадамиз. Шу сабабли, масалан, Қозоғистонда ўртача ойлик $668, Ўзбекистонда $85. Қайтариб айтамиз, бу кимнингдир истаги билан тайинланган ойлик эмас, Ялпи Ички Маҳсулотнинг ҳажмидан келиб чиқадиган ойлик.

Яъни, Ислом Карим раҳнамолигида Ўзбекистон дунёнинг энг қашшоқ ўлкалари қаторига тушиб, Россия ва Қозоғистондаги мардикорларимизнинг пули (йилига энг камида 5-6 миллард доллар) эвазигагина оёқда турибди. Шундай мураккаб масалаларни фақат “Бирлик” тушунади. Демак, “Бирлик”дан бошқа мухолифат йўқ. “Иш ҳақи миқдорини камида 400-500$ қилиб белгилаймиз” деган гапларинигиздан келиб чиқиб, Сиз ҳам ўша бошқаларга қўшилиб, аҳмоқ бўлиб юраверинг деб гапириш ва Сизни ҳақорат қилиш ниятимиз йўқ. Аксинча, Ўзбекистонни ва Ўзбекнинг келажагини ўйласангиз, “Бирлик” сафларига қўшилинг, замонавий сиёсат ва иқтисоднинг ҳеч бўлмаса асосларини ўрганинг. Ҳозирги диктаторлик режимини ўзгартиргандан кейингина иқтисодни тиклаш мумкинлигини тушунинг.

Ҳар кимнинг танқидий фикрларини қабул қилишга ва сайтимизда эълон қилишга тайёрмиз. Аммо, илтимос, муаммоларни чуқурроқ тушуниб олиб, кейин қўлингизга қалам олсангиз, ҳамма учун фойдали бўлади.