23 January 2013
15:23 - “Озодлик”/”Озод Европа” радиосига янги президент тайинланди, унинг вазифаларидан бири радионинг ўзбек хизматидагилардан қутилиш бўлиши керак
АҚШнинг чет тилларда демократия ғояларни тарғибот қилиш билан шуғулланадиган радиосининг аввалги президенти Стивен Корн “Озодлик”нинг узоқ тарихга эга бўлган рус хизматини барбод қилишда айбланиб, ишдан четлатилди ва унинг ўрнига Кевин Клоуз тайинланди.

Кевин Клоуз ўтган асрнинг 90-чи йилларида шу радионинг президенти бўлиб ишлаган тажрибали одам, у рус хизматининг фаолиятини эски даражага олиб чиқади, деб ҳисобланмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, янги президентнинг кейинги вазифаси ўзбек хизмати билан шуғулланиш бўлиши керак. Чунки, ўзбек хизматида ўтирган журналистлар демократия ғояларига ва ўзбек миллатига нисбатан хоинлик қилмоқдалар. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ягона демократик ташкилот – “Бирлик” Партияси лидерлари ҳатто бу радио билан алоқа қилишни ҳам рад этаётганларини янги президент жиддий равишда ҳисобга олиши керак.