23 January 2013
23:04 - Бу йил Ўзбекистон иқтисодининг ўсиши секинлашади, Қозоғистонга етишимиз учун энди 285 эмас, 444 йил керак бўлади
Бозор иқтисоди эмас, маъмурий буйруқбозлик системасида яшаётган Ўзбекистонга жаҳон иқтисодидаги кризис кечроқ етиб келиши олдиндан маълум эди. Ҳозир шундай бўлмоқда. Ўтган йили мамлакатимиз иқтисодиининг ўсиши 8,2 фоиз бўлган эди. Етарлича тезлик билан бозор иқтисодига ўтиб бораётган Қозоғистон жаҳон кризиси таъсири остига олдинроқ тушди ва 2012 йилда фақат 5,4 фоизга ошди. Яъни, Қозоғистон билан орамиздаги 800 фоизлик фарқ 2,8 фоизга камайди. Ҳамма нарса шундай кетаверса, Қозоғистонга 285 йилдан кейин етиб олишимиз керак эди.

Аммо, шу кунларда Европа Тараққиёт ва Тикланиш Банки 2013 йилда Ўзбекистон иқтисоди 7 фоизга ортиши ҳақидаги прогнозини эълон қилди. Фараз қилайлик, Қозоғистонда аҳвол ўтган йилдагидек қолади. У ҳолда, Қозоғистонга етиб олишимиз учун 444 йил керак.

Ўзбек халқи қашшоқлик ўтираверишни, миллионлаб ватандошларимиз Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилаверишини истамаса, ҳозирги режимни бир кун аввал бўлса ҳам тезроқ елкасидан улоқтириши ва “Бирлик” таклиф қилаётган инқилобий ислоҳотлар йўлига ўтиши керак.