22 January 2013
17:19 - Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 2012 йил натижалари ва 2013 йил устивор вазифалари тўғрисидаги Қарори: Мавжуд қашшоқлик сақлаб қолинсин!
Маълумки Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси 18 январда ўтказилган эди. Қарор эса, кеча кечқурун эълон қилинди. Яъни, уч кундан кейин. Мана Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи. Лекин, бу қабул қилинган ҳужжатнинг эътиборга лойиқ яна иккита жойи бор. Биринчидан, ҳужжат нима учундир “Вазирлар Маҳкамасининг қарори” эмас, “Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг қарори” деб аталган. Иккинчидан, унинг Бош вазир Шавкат Мирзиё эмас, Президент Ислом Карим имзолаган.

Тушуниш керакки, булар ҳужжатни тайёрлаганларнинг хатоси ёки тасодифий нарсалар эмас, мавжуд ҳокимият ичида ҳамма нарса, қўпол бўлса ҳам, русча айтсак, “полный бардак” эканлигининг кўрсатгичидир.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг қарори 21 моддадан иборат бўлиб, 1-чи модда 2012 йилнинг ғалабалари қисқа санаб ўтган. Табиий, биринчи ўринга Ялпи Ички Маҳсулотнинг ортиши 8,2 фоиз бўлгани қўйилган. Ўзбекистонда одат бўлиб қолганидек, Ялпи Ички Маҳсулотнинг ўзи қанчага тенглиги айтилмаган, бунга оид рақамлар Ўзбекистонда халқдан сир тутилади. Ислом Карим тарафидан имзоланган ҳужжатда Ялпи Ички Маҳсулотнинг ҳажми айтилса эди, Ўзбекистон яқин атрофимизда Қозоғистон, Эрон, Туркманистон, Покистон ва ҳатто Мўғилистондан бироз эмас, марталаб орқада эканлигимиз, фақат Афғонистондан 2 баравар, Қирғизистон ва Тожикистондан бироз олдинда эканлигимиз кўриниб қоларди.

Қисқа қилиб айтсак, Ўзбекистон дунёнинг энг қашшоқ ўлкалари ичига тушиб, доимий уруш ичида бўлган Мали, Эфиопия, Эритрея каби давлатлар қаторига кириб олди. Ваҳоланки, Совет замонида ҳам Марказий Осиёда энг бой давлат эдик.

Ҳозир Мали, Эфиопия, Эритрея каби давлатлар аҳолисининг катта қисми Европа ва нефтга бой Араб мамлакатларида мардикорлик-хизматкорлик билан ҳаёт кечираётгани каби, ўзбеклар Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилиб оила боқмоқдалар.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг қарорида бу аҳволдан чиқиш йўллари кўрсатилмаган, аксинча, бундан ҳам баттар ҳолга тушмаслик, яъни ҳужжатда айтилгандек, “макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш” асосий вазифалардан бири деб белгиланган. Қарорнинг 19 та моддасида турли вазирликларга умумий шаклда вазифалар топширилган, уларнинг ичида яхши лойиҳалар ҳам бор, аммо Ўзбекистонни ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқашга қаратилган стратегик ҳамлалар йўқ.

Қарорнинг 21 моддасида “Мазкур протокол қарорининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин” дейилган. Қаранг, “Мазкур қарорнинг бажарилиши” эмас, “Мазкур протокол қарорининг бажарилиши” дейилган. Яна тасодифми?

Демак, қашшоқликда қолаверамиз, ҳамма умид Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилаётган миллионлаб ватандошларимизда.

Ўзбекистонда режим ўзгартирилмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди.