17 January 2013
17:36 - Ўзбекча масхарабозлик: Ислом Карим ёлғон гапирмоқда, иқтисодимиз 8,2 эмас 21 фоизга ортди
Оммавий ахборот воситалари Ислом Каримнинг янги йил табригига асосланиб, “Ўзбекистонимизда иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланиб, бу борадаги кўрсаткич 8,2 фоизни, охирги уч йил якуни билан 27,7 фоизни ташкил этганини” ҳар қадамда урғулашмоқда. Энди маълум бўлишича, Ислом Карим ёлғон гапирган экан, иқтисодимиз, аниқроғи, Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 2012 йили 8,2 эмас, 21 фоизга ортибди. Нега жонажон президентимиз дунёда мисли кўрилмаган буюк ғалабамизни ўзбек халқидан бекитаётганини тушуниш қийин. Аммо, ҳамма фактлар унинг ёлғон гапирганини кўрсатмоқда.

“Ҳаракат” мухбирлари Ўзбекистон ҳукумати ўз халқидан иқтисоднинг асосий кўрсатгичлари – ЯИМ ва Давлат Бюджетига оид рақамларни бекитиб келаётганини гапириб, ниҳоят 2012 йилнинг бошларида у рақамларни қидириб топишга муяссар бўлгандилар. Биз ўшандаёқ Ўзбекистоннинг 2011 йил натижалари бўйича Ялпи Ички Маҳсулоти $43 млрд атрофида бўлиб, биз бу кўрсатгич бўйича, ривожланган мамлакатлардан 30-40 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 8 баравар орқадалигимизни ёзган эдик. Мана, Ўзбекистоннинг 2011 йилдаги ЯИМ ҳажми $43 млрд атрофида эканлигини исботловчи манбаларда бири - http://quote.rbc.ru/news/fond/2012/02/14/33562913.html

Ислом Каримнинг 2012 йилда Ялпи Ички Маҳсулот 8,2% ошгани ҳақидаги сўзларидан келиб чиқсак, Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми $46,5 млрд бўлиши керак эди. Табиий, Ўзбекистонда ЯИМнинг абсолют миқдори ҳеч қачон эълон қилинмайди. Аммо, Интернетдаги Википедия энциклопедиясининг Ўзбекистон саҳифасига кирсангиз (адреси -http://ru.wikipedia.org), 2012 йил Ялпи Ички Маҳсулотимиз $51,979 млрд бўлганини кўрасиз. Демак, бизда иқтисоднинг 2012 йилдаги ўсиши 21% атрофида бўлибди. Жаҳоннинг ҳамма рекордларини уриб ташлабмиз!!!

Бундан ҳам қизиғи, Википедияда ҳамма мамлакатларнинг ЯИМга оид рақамлари 2011 ёки ундан ҳам аввалги йиллар учун келтирилган. Фақат Ўзбекистон учун 2012 йил рақамларини ҳам топиб, сайтга қўйишга улгуришибди.

Ҳа, ишлар шунақа, Ўзбекистонда ҳамма нарса масхарабозлик, аммо кўраяпмизки, Ўзбекистоннинг номи аралашган ҳар жойда масхарабозлик пайдо бўлаверади. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, деганларидек.