17 December 2012
00:17 - Мурод Жўраевга яна 3 йил-у 24 кун муддат қўшиб берилди (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №41, 16. 12. 2012)
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББга қарашли Олмалиқдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси 2-қисми билан 3 йилу 24 кун муддат қўшиб берилган. 2012 йилнинг 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан ўтказилган суд мажлисида Мурод Жўраевннг на адвокати, на қариндошлари маҳкамада қатнашишмаган.

Сиёчий характерга эга бўлган маҳкама қарорига мувофиқ Мурод Жўраев шу йилнинг турли ойларида рухсат берилмаган жойда чекиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик, ётоққа пойабзал билан кириш, чойни тамакига айрибошлаш, ободонлаштириш ишларида қатнашмаслик сингари айблар билан турли муддатларга жазо карцерига ташланган. Бу ҳол жиноий жазони ўташ муассасасида қоидабузарлик деб топилиб, суд бу қоидабузарликни қонунлаштирган холос.

1994 йилнинг 16 сентябрида ҳибсга олиниб, 1995 йилнинг 31 майидаги Олий суд ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Мурод Жўраевга бешинчи марта муддат қўшиб берилди. Ҳолбуки, у бутунлай соғлиғини йўқотган, бир неча амнистия акцилари уни четлаб ўтган. Ҳозирда мазкур ҳукм юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига апеллация тартибида шикоят берилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Мурод Жўраевга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини мутлақо адолатсиз ва сиёсий характерга эга, деб ҳисоблайди. Юқори инстанция судларини мазкур ҳукмни бекор қилиб, сиёсий маҳкумни озодликка чиқаришга чақиради.