11 December 2012
14:39 - Филистин Президенти Анқарада, Турк Дунёси тушунчаси бу босқичда битмоқда, уни қайтадан кўриб чиқиш керак эмасми?
Шу йил 22 ноябрдаги хабаримизда “Турк дунёси” тушунчасини биринчи бўлиб ишлатишга бошлаган профессор Турон Ёзғон оламдан ўтганини хабар қилгандик. Бу улуғ инсоннинг ўлими “Турк дунёси” тушунчасининг бу босқичдаги ўлими билан тўғри келиши тасодифий ҳол. Аммо, минг афсуски, бу ҳақиқат.

Бу ҳақиқатни тўғри тушуниш учун, расмий мақоми Филистин миллий мухториятининг раҳбари ҳисобланадиган Маҳмуд Аббоснинг Туркияга ташрифи ва бу мамлакат парламенти – Туркия Буюк Миллат Мажлисида нутқ сўзлаши ва бир маҳаллар араблар мустамлакачи деб ҳисоблаган Усмонли Императорлигини мақтаганини ҳам тўғри баҳолаш муҳимдир.

Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, эрамиздан аввал минг йилдан бери яҳудийларнинг юрти бўлган, ўтган асринг 4-чи асрида римликлар тарафидан босиб олингандан кейин улар тарфидан Palaestina деб аталабошлаган бу юртга араблар биринчи марта ҳозирги эранинг 7-чи асрида келдилар ва унинг римликлар тарафидан берилган Филистин номини сақлаб қолдилар. Ўшандан бери, яъни 1300 йилдан бери бу ерда яшаётган араблар ўз давлатларини яратиш ҳаққига эгадирлар. Аммо, унутмайликки, бунга аввал Иордания йўл бермади ва 1948 йили БМТ Филистин давлати тузиш ҳақида қарор чиқаришига қарамасдан, айнан Иордания 1967 йилгача Филистин ерларини ўзида ушлаб турди. Бошқа араб давлатлари Иорданиянинг бу ишига қарши бўлганларини кўрсатувчи фактлар йўқ ҳисоб. Филистин ҳудудлари 1967 йилдаги Араб-Исроил урушидан кейин Исроил қўлига ўтди. Энди Исроил Филистин давлатининг тузилишига йўл бермаяпти.

Бутун дунё, хусусан, Араб давлатлари бу масала билан шуғулланмоқдалар. Бошқа давлатлар, жумладан, Турк давлатлари ҳам, бу масалада тамошабин бўлиб қололмайдилар.

Аммо, бу Турк дунёсининг асосий муаммосими?

Ҳамма туркий халқлар, бу савол устида жиддий ўйлаб кўришлари керак. Биринчи навбатда, Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми сал кам 1 триллион доллар бўлган Туркия ўйлаб кўриши керак.

Эслатиб ўтамиз, Турк дунёсининг иккинчи энг кучли мамлакати ҳолига келган Қозоғистоннинг ЯИМси 180 миллиард доллар атрофида бўлса, ундан кейинги Ўзбекистонники бор йўғи 43 миллард атрофида.

Киши бошига ЯИМ Туркияда $13,5 минг, Қозоғистонники сал кам $11 минг, Туркманистонники $8 минг, Ўзбекистонники эса 1,5 минг атрофида. Яъни, Ўзбекистон фақат жаҳонад эмас, Турк дунёсида ҳам қашшоқ бир мамлакат.

Бу рақамларни такрорлашдан мақсад – Туркиянинг Турк дунёсидаги ролини урғулашдир.

Аммо, ҳозир Туркия Турк дунёсини унитиб, Филистин билан овора эканлиги қанчалик тўғри? Бу савол устида ўйлашга мажбурмиз.

Кеча Туркия Президенти Абдуллоҳ Гулнинг таклифи билан Анқарага келган Филистин Президенти Маҳмуд Аббос Туркия Буюк Миллат Мажлисида нутқ сўзлади, Туркияга олқишлар ёғдирди, Исроил билан музокаралар давом эттирилиши кераклигини ҳам урғулади.

Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон сўнги йилларда Турк дунёси борлигини ҳам унитиб, асосан Филистин муаммоси билан шуғулланаётгани ҳозир ҳеч кимга сир эмас. У ҳозир бу масалада Ғарб билан қарама-қаршиликка боришга ҳам ҳозир эканлигини кўрсатмоқда.

Яна қайтариб айтамиз, Филистин араб давлати қурилиши керак, аммо бу Турк дунёсининг асосий муаммосими? Йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Агар Туркия бу масалани ўзи учун асосий деб билса, Туркиянинг ҳозирги сиёсий элитаси ҳам бу масалани биринчи ўринга чиқараётган бўлса, биз ўзбеклар Турк дунёсидаги ўрнимизни, стратегик бўлмаса ҳам, тактик нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишимиз керак.

Бу тактик масала ҳозирги босқичда биз учун бу стратегикка айланмоқда.