09 November 2012
22:06 - Қувончли хабар: Минимал иш ҳақи бўйича Қозоғистонни қувлаб етмоқдамиз, 10 йилда етамиз ҳам
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг ҳозиргина эълон қилинган фармонига кўра, 2012 йилнинг 1 декабридан бошлаб мамлакат ҳудудида энг кам иш ҳақи 1,1 баравар оширилади ва ойига 79 590 сўм бўлади.

Бундай қувончли хабарни бироз таҳлил қилишимиз лозим. Бугунги расмий курс бўйича 1 АҚШ доллари 1990,99 сўмга тенг. Демак, бизда энг кам иш ҳақи 40 доллар бўлади.

Шу йил 28 июлдаги хабарларимиздан бирида энг кам иш ҳақи ҳақида шундай маълумотлар келтирган эдик:

Ўзбекистон - $38
Қозоғистон - $116,5
Россия - $143

Демак, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ярим йилда 2 долларга ортди. Бир йилда 4 долларга ортади деб ҳам фараз қилайлик ва бизда шундай ортиш давом этади, қозоқларда ҳеч қачон ортмайди деган фаразни ҳам қабул қилайлик. Шундай кетишда 10 йил ҳам ўтмасдан энг кам иш ҳақи бўйича қозоқларга етиб оламиз.

Худодан тилагимиз шу: Ислом Карим яна юз йил яшаб, энг кам иш ҳақини шу суръатда ошириб борсин, қозоқларни эса шу аҳвода қолдирсин. Худо кўсатмасин, қозоқларда ҳам энг кам иш ҳақи ортиб борсами, умрбод улардан орқада қолиб кетамиз-а.