Йиғилишга Буюкбритания тарафидан Савдо ва Саноат Кенгашининг раисдоши Питер Лилли, Ўзбекистон тарафидан бошқа раисдош – Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегациялар иштирок этишган.
Аслида, Ғарбнинг Буюбритания каби иқтисоди кучли бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, ривожланган давлати билан иқтисод соҳасида доимий ҳамкорликда эканлигимиз, 18-чи марта бундай мажлис бўлаётганини бугунги байрамимизга бағишланган совға десак ҳам бўларди. Бу йиғилиш ҳақидаги хабарларда бу учрашув баландпарвоз сўзлар билан ёритилганига қараганда, бизнинг ҳукумат буни ростдан ҳам совға сифатида тақдим қилмоқчи. Биз эса уни бошқача баҳоламоқчисиз? Нимага?
Қаранг, бу йиғилиш ҳақидаги расмий хабарларда айтилишича, икки давлат ўртасида 2011 йили савдо ҳажми $177,5 млн доллар экан. Ахир бу ҳеч нарса-ку!! Тузукроқ бойлар шунча пулни чўнтакларида ҳам олиб юрадилар. Бу йилнинг 8 ойида савдо ҳажми $116,1 млн бўлибди. Бу кетишда йиллик натижа $177,5 миллионга ҳам етмаслиги аниқ. Демак, савдо алоқаларимиз жуда кучсиз, ўсиш ҳам йўқ.
Элёр Ғаниев йиғилишдаги нутқида, инглизларга иқтисодимизнинг кучини кўрсатиш учун бўлса керак, бу йил Ўзбекистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти (ЯИМ) 8% га ортаётганини айтибди. Инглизлар ҳам ичларида роса кулишган бўлса керак. Ахир улар биладиларку, Ўзбекистондек бир давлатда ўтган йили ЯИМ бор-йўғи $43 млрд бўлган. Қозоғистонда эса $180 млрд (!!!). Киши бошига ЯИМ бўйича қозоқлардан 8, Тукманистон ва Озорбайжондан 5-6 баравар, болтиқбўйи жумҳуриятларидан 10-14 баравар орқадамиз. Қозоғистонда ўсиш бу йил 7% бўлиши кутилмоқда. Агар ҳар доим шундай давом этадиган бўлса ҳам, қозоқларга етиб олишимиз учун 1 минг (!) йил керак бўлади.
Бунинг устига, 2 кун аввалги хабарларимздан маълумки, Жаҳон Банки тарафидан белгиланган “Doing Business 2013 - Бизнес қилиш 2013” рейтинги бўйича Ўзбекистон дунёда 154-чи, Марказий Осиёда эса охирги ўринда?
Шундай бўлишига қарамасдан, Ўзбекистонда 437 та Буюкбританиянинг капитали иштирокида тузилган корхона борлиги, улардан 112 тасида инглизларнинг капитали 100% эканлиги яна савол туғдиради. Нимага инглизлар иқтисоди чўкиб боаётган Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқмоқдалар?
Биттагина жавоб бўлиши мумкин. Инглизлар оддий пора эвазига, Элёр Ғаниевдан бошлаб, ҳамма мулозимларимизни сотиб олишган ва ўзларига фойдали контрактлар тузиб олишган. Уларнинг мақсади - Ўзбекистоннинг иқтисоди тўла чўкиб бўлгунча, фойда олиб қолиш.
Дарвоқе, ўзбекларни алдаб фойда олишда ҳаддидан ошиб кетаётган инглизларнинг Oxus Gold ширкати ўтган йил Ўзбекистондан ҳайдалган ва бу ширкатнинг Тожикистондан олиб келинган бош металлурги Саид Ашуров 12 йилга қамалганди. Кечаги мажлисда бу воқеа муҳокама қилиндими? Ёки инглизлар бошқа фойдаларни ўйлаб, Oxus Gold ширкати ва Саид Ашуровнинг тақдирига кўз юмишдими?
Ҳа, бир маҳаллар "бутун денгизлар ҳукмрони" бўлган Буюкбритания ҳозир шу аҳволда. Унинг собиқ Бош вазири Тони Блэр Қозоғистон Президентига маслаҳатчилик қилиб кун кечирмоқда. Ўзбекистондан олаётган ҳаром фойдани йўқотмаслик учун бўлса керак, бу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси инсон ҳуқуқлари масаласини қўйиб туринг, Ўзбекнинг ҳаёти билан ҳам иши йўқ. 2 йил аввал Қирғизистонда ўзбеклар қирғин қилинганда, Буюбританиянинг Тошкентдаги элчиси гўёки совуққанлик сиёсати олиб бораётган Ислом Каримни олқишлаганди. Тўғри-да, унинг тириклайин ёқилган Ўзбек билан нима иши бор?