26 October 2012
21:32 -
Бугун Ҳазрат Султон мачитига келган Нурсултон Назарбой дунё мусулмонларини Қурбон байрами билан табриклади

Нурсултон Назарбой бу ерда журналистлар билан ҳам кўришиб, қисқача нутқ ҳам сўзлабди. Жумладан, у шундай сўзлар айтган: “Ер юзининг мусулмонларини бугунги улуғ кун – Қурбон байрами билан табриклайман. Бу ростдан ҳам мусулмонларнинг буюк байрами”.
Қозоғистон Президенти байрам муносабати билан умумий табрик сўзлари айтиш билан чекланмагани ҳам диққатга сазовордир, дейди мухбиримиз. У “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳи Пўлатнинг Исломда ислоҳотлар мутлақо шартлиги, акс ҳолда, мусулмонларда ҳеч қандай ривожланиш бўлмаслиги ҳақидаги фикрларини ривожлантириш деса бўладиган гапларни ҳам гапирди.
Масалан, унинг қуйидаги сўзлари жуда муҳим: “Бугунги байрамнинг моҳияти фақат қурбонлик қилиш эмас, пок хис-туйғулар, пок ниятлар билан Оллоҳга яқинлашишдир. “Қурбон” сўзи - яқинлашиш демакдир”. Табиий, гап Оллоҳга яқинлашиш ҳақида кетмоқда.
Қурбон сўзининг Нурсултон Назарбой тарафидан бошқача тафсир этилиши инқилобий янгилик. Ислом уламолари ҳам ундан ўрганишса ёмон бўлмасди.