11 October 2012
07:47 - “Бирлик” олқишга лойиқ ишлар қилар экан, ўзбек хабарчилари масхарабозлик билан овора
Ҳақиқатда шундай. Бир маҳаллар “миллатим учун жонимни бераман” деб кўксига урадиган ўзбек миллатчилари қирғиз фашистлари тарафидан тириклайин ёқилган миллатдошларимизнинг ҳимоясига бир оғиз сўз айтишга қўрқиб ўтиришар экан, миллатнинг келажаги учун очиқча кураш олиб бораётган “Бирлик” Партияси мўъжизалар қилмоқда.

Айнан “Бирлик” Партияси Қирғизистонга Ўзбек армиясини олиб киришни талаб қилди ва талаб қилмоқда.

Айнан бир гуруҳ бирликчи ва эзгуликчилар Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида пикет ўтказиб, “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин” деб ҳайқиришга журъат этдилар. Миллатга нисбатан сотқинлик қилаётган режим раҳбарлари ва миршабларимизнинг таҳдидларидан қўрқмадилар.

Айнан “Бирлик” Партияси фаоллари сўнги 2 йил ичида Европа ҳукумати ва Европарламентда бир қатор учрашувлар ўтказиб, Ўзбекистонда ростакам демократик ислоҳатлар бошлаш, сиёсий маҳбусларни озод этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида аянчли аҳволни тузатиш, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш каби муҳим масалаларга Ғарбнинг диққат-эътиборини тортиш билан шуғулланмоқдалар.

Айнан “Бирлик” Партияси Ўзбекистон ичида фаолиятини қайтадан тиклаш учун ҳаракат қилаётган ягона ташкилот бўлиб қолмоқда. Тошкент шаҳар ҳамда Қашқадарё ва Наманган вилоят ташкилотларида конференция каби йиғилишлар ўтказиш билан бошланган жараёнлар давом этмоқда. Бу жараёнлар ҳозирги босқичда партиянинг Қурултойини ўтказиш билан битади.

Бу воқеаларни “Ҳаракат” агентлигидан ташқари биронта ахборот воситаси ёритмоқдами? Йўқ.

Мавжуд режимнинг қўғирчоқларини қўйиб туринг, ББС, “Озодлик” ва “Америка Овози” каби радиоларнинг ўзбеклар ишлайдиган хизматлари бу воқеалар ҳақида хабар беришдими? Йўқ.

Мухолифатчиликка даъво қилиб, аслида масхарабозликдан бошқа ҳеч нарса қилолмайдиган, ўзларидан бошқа ҳеч ким ўқимайдиган сайтларда йиғи-сиғи билан умр ўтказаётганлар бу воқеаларни кўриб, “Ие, амалий иш қилса бўлар эканку” дея “Бирлик”ни олқишлашди ёки унга қўшилишдими? Йўқ.

Миллатнинг аҳволи шу. Ўзбек журналистлари нима билан шуғулланишаётганини, уларнинг асл башарасини иккита мисол билан кўрсатиб бермоқчмиз.

Биринчиси мавжуд режимга тегишли қўғирчоқ ахборот воситаларининг аҳволи ҳақида. 12.uz сайти кеча Черногорияда уйларнинг нархи ҳақида лавҳа эълон қилибди. Нимамиш, Черногорияда камтарона ўйни 20-30 минг долларга сотиб олиш мумкинмиш. Бу ерда уй сотиб олган одамга 5 йилдан кейин ватандошлик берилармиш. Кўпчилиги Черногория нимаю, у қаерда эканлигини ҳам билмайдиган ўзбеклар учун шундай хабар керакми? Пули бор бойлар бу сайтнинг ёрдамисиз ҳам ҳамма нарсани билишади. Камбағаллар учун бу нархларнинг нима кераги бор?

Иккинчи мисол мустақил нашр бўлишга даъво қилиб юрадиган uznews.net сайти ҳақида. Бу сайтнинг шу кунларда эълон қилган хабарига кўра, Тошкентда 1 октябрдан бери спиртли ичимлик сотилмаётган эмиш, спиртлик ичимликлар сотишга лицензияси бор дўконларнинг ҳаммасини лицензия муддати айнан 1 октябрда битган эмиш. Шундай бўлиши мумкинлигини ҳаёлга келтириш учун одам аҳмоқ бўлиши керак. Айнан шундайлар бу сайт атрофида тўплангали шубҳасиз.

Шунақа аҳмоқона янгиликлар ўрнига, Пўлат Охуннинг кеча Брюсселда миллат учун муҳим бўлган учрашувлар ўтказгани ҳақида хабар бериш керак эмасмиди?