11 October 2012
07:18 - Россия Давлат Думаси ҳам “МТС-Ўзбекистон”нинг аянчли тақдири билан қизиқиб қолибди
Русларнинг Regnum агентлиги Давлат Думаси тарафидан тарқатилган баёнотга асосланиб хабар беришича, Давлат Думасининг Мулкчилик Комитети 18 октябрда “Ўзбекистондаги россияликларнинг инвестициялари ва мулкларини ҳимоя қилиш” масаласини кўриб чиқмоқчи.

Баёнотдан маълум бўлишича, бундай масаланинг кун таритибига олиниши Россиянинг энг катта мобиль алоқа оператори МТС ва унинг 100 фоизлик қизи “МТС-Ўзбекистон” атрофидаги жанжал билан боғлиқ. Баёнотда Россия миллионлаб ўзбекистонликларни иш билан таъминлаб келаётгани, Ўзбекистон Россия билан доимо дўстона алоқалар қилиб келаётгани ва Ўзбекистон тарафидан бундай жанжал чиқарилиши Россия учун мутлақо кутилмаган ҳол қилиб кўрсатилаётгани диққатга сазовордир.

Аммо, масаланинг бошқа томонларини ҳам эътиборга олиш керак. Маълумки:

- АҚШнинг Хельсинки Комиссияси номи билан танилган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Комиссияси ақлга сиғмас иш қилиб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримга мактуб йўллади ва феълан МТСни ҳимоя қилди,

- “МТС-Ўзбекистон”нинг тортиб олиниши шведларнинг “TeliaSonera” ширкати фойдасига бўлди,

- “TeliaSonera” Ислом Каримнинг қизи Гулнора билан шубҳали алоқаларда бўлгани ўртага чиқарилди,

- Россиянинг энг бой тадбиркори, ўзбек аслли Алишер Усмоновга тешгишли Мегафон телекоммуникацион компанияси акцияларининг каттагина қисми “TeliaSonera”га тегишли бўлиб чиқди, айнан жанжал учига чиққан кунлари Алишер Усманов тезлик билан уларнинг бир қисмини сотиб олиб, ўз улушини 50 фоиз + 1 га чиқарди,

- Бу воқеалар авжига чиққан кунларда Алишер Усмонов кутилмаганда Рейтер агентлигига интервью бериб, ўзига тегишли компанияларни битта холдингга бирлаштиришга ва ўзи бошқарувдан четланишга ҳозирланаётганини билдирди,

- “Бирлик” Партияси Алишер Усмоновни Ўзбекистонда сиёсат билан шуғулланишга чақирди, Алишер Усмонов ўта зудлик билан кўпроқ бошқаларнинг қулоғига мўлжалланган рад жавобини берди,

- Алишер Усмонов “Мегафон”нинг акцияларини илк марта сотиш (IPO) аукционига тайёргарлик кўраётган шу кунларда, аввал бу аукционда фаол иштиркчи бўлишини айтиб турган АҚШнинг энг катта инвестицион банки Goldman Sachs кеча кутилмаганда Financial Times воситасида бу ишда қатнашмаслигини эълон қилди.

Ҳамма нарса қоришиб кетгандек кўринади. Аммо, ҳамма нарса бизнес ва сиёсатда кўп марта текширилган йўлдан кетмоқда. Бу жараён нима билан тугашини тахмин қилиш ҳам қийин эмас. Кимлардир байрамга, кимлардир азага тайёрланаверсин.