08 October 2012
20:38 - Иванишвили Гуржистоннинг янги ҳукумат рўйхатини ва ўз cавдсизлигини очиқлади
Гуржистонда 1 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларида ғолиб чиққан “Гуржилар орзуси” коалициясининг лидери Бидзина Иванишвили бугун янги ҳукуматнинг рўйхатини очиқлади, дейилади Гуржистон ахборот воситаларининг хабарида. Бош вазир лавозимида Иванишвилининг ўзи бўлади, 19 вазирликдан 6 тасига ҳали одам белгиланмаган.

Мамлакат Президенти Михаил Саакашвили ўз партияснинг мағлубиятини расман тан олгани сабабли, эски ҳукумат ўз ваколатларини янгисига бериши жиддий муаммоларсиз бўлиши кутилмоқда. Аммо, “Гуржилар орзуси” коалициясига кирувчи партиячаларнинг лидерлари бераётган пала-партиш баёнотларга қараб, янги ҳукумат барқарор бўлишига катта шубҳа бор.

Бидзина Иванишвилининг янги ҳукумат таркибини эълон қилиш пайтида гапирган баъзи гаплари бу “сиёсатчи”нинг сиёсатни қанчалик тушунмаслигини яна бир марта кўрсатди. Масалан, у Бош вазир бўлгандан кейин ҳам ҳукуматнинг идорасига кўчмасдан ҳукуматни ўзининг ҳозирги бизнес марказидан бошқаравериши мумкинлиги ҳақидаги баёнотига қаранг. Ҳукумат унинг мулки ҳам эмас, отасидан қолган мерос ҳам эмаслигини тушунмайдиганга ўхшайди бу одам. Бош вазирнинг иш жойини янги келган Бош вазир эмас, давлатнинг қонунлари белгилайди. Бош вазирнинг идораси бор, Иванишвили ўша ерда ўтириш керак.